Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда, 2020 йилнинг биринчи ярмида (январь-июнь ойлари) жами 2388 та йўл-транспорт ҳодисалари (кейинги ўринларда ЙТҲ) содир этилган. Ушбу ЙТҲлар оқибатида умумий 1746 киши тан жароҳати олган, йўл-транспорт ҳодисаларининг 383 таси болалар, 1154 таси пиёдалар ва 101 таси велосипед иштирокида содир этилган.
Шу ўринда, бир савол туғилмоқда: нима сабабдан бирданига йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида сўз кетмоқда? Боиси, рўй берган ҳар қандай ЙТҲ тўғридан-тўғри суғурта билан боғлиқ масалаларга тақалади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бу, компания мижозлари олдида ўз мажбуриятларига беписандлик қилган ҳолатларда яққол намоён бўлади.
Биз бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ҳам бевосита ЙТҲ билан боғлиқ бўлиб, мазкур ҳодиса оқибатида жабр кўрган фуқаро ва Суғурта компанияси ўртасида келиб чиққан муаммолар тўғрисида.
Фаолиятимиз давомида Суғурта компаниялар юз берган ЙТҲ оқибатида, жабрланган шахсга нисбатан етказилган зарарни айбдор томонидан тўлиқ қопланганлиги тўғрисидаги ҳикоясини асос қилиб олиб, жабрланган шахснинг соғлиги ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплашдан бош тортган ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти, Ёзёвон тумани Тегирмонбоши МФЙ Тинчлик кўчаси, 7-уйда истиқомат қилувчи Элбек Камолов ҳудудий бошқармага ариза билан мурожаат қилиб, 01.08.2019 йил куни Ёзёвон туманидан ўтувчи “Тошкент-Ўш А-373” автомобиль йўлида ЙТҲ содир этганлиги ва оқибатда йўловчи фуқаро Билол Муҳаммаджонов оғир тан жароҳати олганлигини маълум қилган.
Юз берган ҳодиса оқибатида жабрланган Билол Муҳаммаджоновни соғлиғига етказилган зарар мурожаатчи томонидан тўлиқ қопланган. Фуқаро Элбек Камолов транспорт воситасини мажбурий суғуртадан ўтказган “Ўзагросуғурта” АЖ Ёзёвон тумани бўлимидаги жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш учун суғурта қопламасини олиш бўйича мурожаат қилганда, суғурта компанияси томонидан жабрланувчи Билол Муҳаммаджоновнинг соғлиғига етказилган зарар суд қарорига асосан (Э.Камолов) томонидан қопланганлиги важ қилиниб, мурожаат рад этилган.
Бу борада, компания ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарорининг 54-бандига (4-илова) мувофиқ бузилган, яъни суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) суғурта ҳодисаси содир бўлганда зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш чораларини кўрганлиги ёхуд жабрланувчига кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатганлиги суғурталовчининг ушбу Қоидаларга мувофиқ ўзи учун белгиланган мажбуриятларни бажаришни рад этишига асос бўлолмайди.
“Ўзагросуғурта” АЖ Фарғона филиалининг 20.10.2020 йилдаги “Суғурта тўлови бўйича комиссияси” йиғилиши қарорига кўра, фуқаро Элбек Камоловга 2 млн. 730 минг сўм маблағ ЙТҲ содир этилган санадан роппа-роса 14 ой ўтиб тўлаб беришга қарор қабул қилиниб, шу асосида ушбу маблағлар “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан Элбек Камоловга нисбатан ундирилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати