Бухоролик истеъмолчи ширинлик сотиб олаётган вақтда, ичида унга аталган «сюрприз» борлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди. Пряник ичидаги қоғоз катта ютуқнинг хабари бўлганда ҳам майлин эди, аммо…
Жорий йил 13 январда “Лаззат” ширинликлар савдо дўкони (“Anvorul-Shams” МЧЖ) дан сотиб олинган ширинлик (пряник) истеъмолга яроқсизлиги (ичида қоғоз чиқганлиги) бўйича “Потребитель Бухара плюс” ижтимоий тармоғи орқали тарқалган норозилик мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида тадбиркорлик субъекти масъулларидан расман мурожаатда келтирилган важлар юзасидан тушунтириш бериш сўралди.
“Anvorul-Shams” МЧЖ директори У. Б. Комилов томонидан жорий йилнинг 16 январ куни бошқармага тақдим этилган расмий хатида, корхона ходимлари мурожаатда келтириб ўтилган камчиликларга йўл қўйгани, тадбиркорлик субъекти масъул ходимлари томонидан мурожаат муаллифи билан учрашилиб, юзага келган вазият учун узр сўралган ва истеъмолчига етказилган зарар қопланганини билдирди. Шунингдек, “Anvorul-Shams” МЧЖ томонидан бундан кейин ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати қаттиқ назорат қилиниши маълум қилинди.
Бошқарма томонидан барча тадбиркорлик субъектларига, юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига жиддий эътибор қаратиши ҳамда савдо дўконларида тадбиркорлик субъекти тўғрисидаги тегишли маълумотларни истеъмолчилар учун қулай жойга жойлаштиришлари сўралади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати