Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан устун мавқеига эга корхоналар тақдим этган буюртмачилар билан 2021 йилда тузилган шартномалар ўрганилди.
Жумладан, “Қўқон биокимё” АЖнинг томонидан тақдим этилган корхона ва буюртмачилар ўртасида маҳсулот етказиб бериш учун тузилган шартномаларнинг 4 – бобида “томонларнинг жавобгарлиги” белгиланган. Унга кўра, 4.2. бандида ““Истеъмолчи” шартномани 3.1; 3.2 бандида кўрсатилган шартларни ўз вақтида бажармаганлиги учун ҳар бир кечиктирилган кун учун
0,4% миқдорида пеня ёки 5% миқдорида жаримани “Таъминловчи”га тўлайди. Шартномадаги тўланмай қолган маҳсулот суммасининг 50%дан ошмаслиги керак” деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, шартноманинг 4.4. бандида “Ўз вақтида тўланган (озуқа этил спирт)ни етказиб берилиши “Таъминловчи” тарафидан рад этилган ҳолда “Таъминловчи” “Истеъмолчи”га юкланмаган спирт нарҳининг 5% миқдорида жарима тўлайди, шу билан бирга “Истеъмолчи” тақдим этган ҳисоб (калькуляция)га асосан келтирилган зарарни тўлайди. Бу “Таъминловчи”ни “ресурс ушлаб турувчи”нинг тақсимоти (разнарядка) ва “Истеъмолчи” билан тузилган шартномага асосан озуқа этил спиртини етказиб бериш мажбуриятидан озод этмайди” деб кўрсатилган. Шартноманинг юқоридаги 4.4. бандда кўрсатилган талабида 4.2. банддаги шартидан фарқли равишда ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4% миқдорида пеня тўлаш талаби киритилмаган. Мазкур ҳолатда, “Таъминловчи” томонидан ўз вақтида тўланган маҳсулотни рад этиш муддати узоқ вақтни ташкил этсада, ундан фақатгина етказиб берилмаган маҳсулотнинг 5 фоизи миқдорида жарима ундира олади холос.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1998 йил кунги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасида Товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юборганлик, тўлиқ етказиб бермаганлик, ишларни бажармаганлик ёки хизмат кўрсатмаганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. Пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик, ишларни бажармаслик ёки хизматларни кўрсатмаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмайди.
“Қўқон биокимё” АЖнинг “Буюртмачи”лар билан тузган шартномаларининг “томонларнинг жавобгарлиги” қисмида “Истеъмолчи” томонидан маҳсулот учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлсада, “Таъминловчи” томонидан ўз вақтида тўлови амалга оширилган маҳсулотни тайёрлаб бермаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Шартномага ушбу шартлари киритилиши натижасида хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари мавжудлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра ҳудудий бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси талаби асосида “Қўқон биокимё” АЖга нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Амалга оширилган сайи-ҳаракатлар натижасида жамият бошқарув ижроия органи томонидан тегишли қарор қабул қилиниб, ҳудудий бошқарма кўрсатма ижроси таъминланди ҳамда шартнома шартларига тегишли ўзгартиришлар киритилиши билан 19 та тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати