Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай мамлакат ташаббускор, интизомли, шижоатли ва ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан меҳнат қиладиган, масъулиятни теран ҳис қила оладиган кадрлар билан тараққиётга эришади. Бу ҳақда сўз кетганида, кейинги йилларда Ўзбекистонда кадрлар сиёсати, давлат органлари раҳбарлари ва ходимлари шахсий масъулиятини ошириш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш йўналишидаги ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш жараёнида ҳар бир ходим ўз зиммасидаги вазифаларни виждонан, сифатли ва масъулият билан бажариши муҳим аҳамият касб этади. Замонавий бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, назоратни амалга ошириш шаклларини такомиллаштириш, талабчанликни кучайтириш ва белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлаш борасидаги ишлар давлат органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича қатъий чора-тадбирлар билан кучайтирилмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ижро интизомини назорат қилишнинг бундай таъсирчан услублари қўлланилиши сўнгги беш йил мобайнида мамлакатни барқарор ва жадал ривожлантириш имконини берди. Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этиш ва самарали мониторинг тизимини яратиш, белгиланган мақсадларга эришиш бўйича барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида жорий йил 10 февралда Ўзбекистон Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ижроси ва ижро интизомининг идоралараро ягона электрон тизимини жорий қилиш механизми давлат органларининг барча ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонига айланиши лозим. Шундагина бу тизим амалда ўз самарасини беради. Бунинг учун эса фармон мазмун-моҳиятини тушуниш ва англаш, унинг мақсадлари ва белгилаб берилган вазифаларни давлат органларининг барча даражадаги ходимлари ўртасида кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Айни мақсадда жорий йил 18 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан ўтказилган йиғилишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбариятининг ижро интизомини мустаҳкамлаш борасидаги шахсий масъулияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Муҳокама жараёнида асосий урғу қўмитада жорий қилинган ижро интизоми ва мавжуд камчиликлар танқидий таҳлили ҳамда мазкур тизимни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.
- Қўмитада ижро интизоми тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янги механизмларни жорий этиш бўйича ишларни ташкил этишда Президентнинг юқорида қайд этилган фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асос бўлди.
Қуйидаги механизмлар бу тизимнинг асосини ташкил қилади:
биринчидан, келиб тушаётган барча топшириқ ва мурожаатлар уларнинг ижрочиларга етказилишидан тортиб ижро этилишига қадар доимий назоратни таъминлаш мақсадида тўлиқ электрон форматга ўтказилди.
Бунда қўмитанинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига электрон маълумотлар базаси билан “бир нуқтадан” ишлаш, қоғозсиз ҳужжат айланиши ва ижро интизоми устидан назоратни таъминлаш имконини берувчи “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига интеграциялашган “acru.ijro.uz” электрон тизими ишга туширилди;
иккинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг барвақт ижросини таъминлашнинг қуйидаги босқичлардан иборат аниқ механизми жорий этилди:
— назорат режалари ишлаб чиқиш;
— ижрочиларнинг топшириқлар устида бир вақтнинг ўзида ишлашини мувофиқлаштириш;
— марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижро этиш жараёнининг кунлик мониторингини амалга ошириш;
— бошқа давлат органлари билан маълумотлар ва ахборотлар тезкор алмашувини йўлга қўйиш;
учинчидан, ижро жараёнида формализм ва юзаки ёндашувга чек қўювчи ижро сифатини баҳолаш тизими жорий этилди;
тўртинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ҳолатини мунтазам равишда муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди. Бунда раиснинг биринчи ўринбосари бошчилигида ҳар ҳафтанинг жума куни, қўмита раиси бошчилигида эса ҳар ҳафтанинг душанба куни муҳокама ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳар ой ва ҳар чорак якуни бўйича қўмита ҳайъати йиғилишларида марказий аппарат бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг шахсий масъулиятга тегишли ҳисоботлари эшитиб борилмоқда;
бешинчидан, қўмитанинг ҳар бир таркибий ва ҳудудий бўлинмасида ижро интизомига масъул мутахассис белгиланди;
олтинчидан, ижро интизоми масалалари бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари талабларини кенг тарғиб қилиш мақсадида қўмитанинг барча даражадаги таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари учун семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Шу ўринда қўмитада “технологик занжир” тамойилига асосланган янги ижро интизоми тизимининг жорий этилишида муҳим роль ўйнаган яна бир омил — Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг жорий йил 24 июлда “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Ишни жамоа бажаради, масъулият эса шахсий!” сарлавҳали мақоласини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур мақолада юқори ижро интизомини таъминлаш борасида кўрсатиб ўтилган камчиликлар сабабларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, қўмита раҳбарияти томонидан уларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда кунбай назорат тизими яратилди.
Шунингдек, давлат органлари фаолияти самарадорлигини ва раҳбарлар шахсий масъулиятини ошириш мақсадида жорий қилинаётган яна бир янги тизим алоҳида эътиборга молик.
Бу ерда сўз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида олдимизда турган устувор, стратегик ва долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда давлат органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини белгиланган мақсадларга
эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолаш тизими ҳақида бормоқда.
Бугунги кунда давлат органлари раҳбарлари иш фаолиятида самарадорликка эришиш даражасини рақамларда баҳолаш долзарб масала бўлиб, замонавий тилда самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш мезонлари (KPI) деб юритилади. Айнан шу рақамлар давлат органларида белгиланган мақсадларга эришиш даражаси қандай ҳолатдалигини кўрсатиб беради.
- Қўмита раиси ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими KPI мезонлари (индикаторлари) асосида Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 22 июлдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 июлдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Ушбу рейтинг баҳолаш тизими раис ўринбосарларининг ўз лавозими талабларига қанчалик жавоб бериши ҳамда шахсий масъулияти даражасининг уларга юклатилган вазифаларга мувофиқлигини аниқлаш имконини беради. Раиснинг ҳар бир ўринбосарининг KPI кўрсаткичлари уларга юклатилган функционал вазифалар ва белгиланган 6-8 та кўрсаткич бажарилишидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Шу ўринда қатор саволлар туғилади. Янги ижро интизоми тизими қўмитанинг фаолият самарадорлигига қандай таъсир кўрсатмоқда? Ҳозир ҳам ижро муддати кечикаётган топшириқлар мавжудми? Ижрочилар масъулиятини ошириш қандай кечмоқда?
Қўмитага жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 583 та топшириқ келиб тушган ва назоратга олинган. Шундан 13 таси (0,2 фоиз) муддатидан кечикиб бажарилган. Қўмитада ижро назорати бўйича қатъий тартиб ўрнатилган бўлиб, унга кўра, топшириқларнинг ижро муддати кечиккан ёки сифатсиз бажарилган тақдирда тегишли интизомий чоралар кўрилади. Хусусан, юқорида кўрсатиб ўтилган 13 та ҳолат бўйича масъулларга тегишли интизомий чоралар қўлланилган ва 1 нафар ходимга ҳайфсан эълон қилинган.
Жорий йилда ўтказилган ижро интизоми мониторинги натижалари бўйича Хоразм ва Жиззах вилоятларидаги ҳудудий бўлинмаларнинг қатор раҳбарлари ва ходимларига нисбатан ҳам тегишли интизомий чоралар қўлланилган.
Шу билан бирга, топшириқларни кечикиб бажариш сабаблари таҳлили барча камчиликларга жорий йилнинг январь-май ойларида, яъни янги ижро интизоми тизими жорий қилингунга қадар йўл қўйилганини кўрсатди.
Бундан хулоса шуки, қўмита тизимидаги барча раҳбарлар ва ходимлар шахсий масъулиятини ошириш ҳамда жамоавий интизомни кучайтириш бугунги куннинг долзарб талабидир.
Бугунги кунда қўмита тизимида қўмита раисидан оддий ходимгача барчанинг лавозим йўриқномалари ва хизмат вазифалари тасдиқланган. Ходимларга қўмита фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва уларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси учун шахсий масъулияти юзасидан аниқ тушунтиришлар берилган.
Хусусан, қўмита ходимларига тизим фаолияти ва ижро интизомига оид тегишли ҳужжатлар мазмун ва моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, қўмита раиси ўринбосарлари томонидан мувофиқлаштириладиган йўналишлар тасдиқланди. Бу эса уларнинг ўз функционал вазифаларини аниқ билиши ва англаши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Қўмитанинг мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизоми бўлими фаолияти ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фармон ва қарорларда белгиланган талаблар асосида тубдан ислоҳ қилинди ҳамда бўлим фаолиятини мувофиқлаштириш бевосита қўмита раисига юклатилди.
Умуман айтганда, янги ижро интизоми тизими жорий қилинишининг тезкор самарасини қўмита фаолиятида бевосита ҳис қилдик.
Бунга эришишнинг асосий омилларидан бири ижро интизомини мустаҳкамлашда қуйидаги устувор йўналишларга асосланган ягона ва узлуксиз “технологик занжир”нинг яратилиши бўлди:
— қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда профессионал даражада тайёрлаш;
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан аниқ механизмлар, муддатлар ва масъулларни белгилашни назарда тутувчи шахсий “йўл хариталари”ни (ҳаракат режаларини) ишлаб чиқиш;
— ташкилий ва ижро фаолияти натижадорлиги учун қўмитанинг барча бўлинмалари раҳбарияти ва ходимлари шахсий масъулиятини белгилаш;
— қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминламаган раҳбарлар ва ходимларга нисбатан қатъий интизомий чораларни қўллаш.
- Қўмитада келгусида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш ва мақсадли кўрсаткичларга сўзсиз эришиш бўйича қўшимча вазифа ва режалар белгилаб олинган. Бунда қўмитада ижро интизоми механизмларини янада такомиллаштириш бўйича ишлар Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган қуйидаги устувор йўналишлар бўйича амалга оширилади:
биринчидан, қўмита раиси ўринбосарларининг функционал вазифаларини қайта кўриб чиқиш, қўмита фаолиятининг муҳим йўналишлари бўйича уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, батафсил шахсий иш режаларини ишлаб чиқиш, қуйи бўғинлар фаолиятини танқидий ўрганиб бориш, эришилган натижаларни тизимли ва танқидий таҳлил қилиш;
иккинчидан, қўмита таркибий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари раҳбарларига қуйидаги вазифаларни юклаш:
— ҳар бир ходим учун фаолиятнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш мезонларини (KPI) ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
— ижро интизоми масаласи бўйича ҳисоботларни мунтазам эшитиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида тренинглар ва семинарлар ташкил этиш;
— ойлик шахсий “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш ва бажарилиши устидан назорат ўрнатиш;
— “Ijro.gov.uz” электрон тизимидаги топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича барча даражадаги раҳбарлар ва ходимлар фаолиятини кунбай асосда ташкил қилиш.
Хулоса шуки, юртимиздаги ўзгаришларни бутун дунё кузатмоқда. Шундай экан, олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш ҳар биримиздан катта масъулият, фидойилик ва машаққатли меҳнатни талаб этади.
ШАХРУХ ШАРАХМЕТОВ
Ўзбекистон Республикаси
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2021 йил 28 сентябрь, 193-сонида эълон қилинган мақола