2020 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятлари ва “Ўзёғмойсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси вакили, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан “Рабоқат тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилишига урғу берилди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти нефть, нефть маҳсулотлари ва газни (газ конденсати) қувур орқали транспортировка қилиш хизматлари бўйича Табиий монополия субъектларининг давлат реестрига киритилган.
2020 йил 1 январь ҳолатида республикада 277 та нефть ва газ конлари мавжуд бўлиб, суюқлик тури бўйича улар 10 та газ кони, 137 та конденсат,
52 та нефть ва газ конденсати, 26 та нефть ва газ ҳамда 52 та нефть конларига бўлинади.
Мажлисда “Ўзбекнефтегаз” АЖнинг қазиб чиқаришдаги улушининг йилдан йилга қисқариб бориши ҳамда нефть ва газ маҳсулотлари ҳажмларининг камайиб бориши иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергоресурслар билан билан таъминлаш масаласида бир қатор муаммоларга сабаб бўлаётгани таъкидланди. Жумладан, бугунги кунда республикамиз аҳолисининг 49 фоизи
табиий газ ва 51 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган. Бу борадаги ишлар ҳолати таҳлил қилинганда айрим ҳудудларда бир неча ойлаб табиий газ, баъзи ҳудудларда эса суюлтирилган газ балонлари ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги аниқланган.
Яна бир жиҳат. Иқтисодиёт тармоқларининг маҳсулот ишлаб чиқаришда табиий газга бўлган эҳтиёжи юқорилиги ва бу эҳтиёж тўлиқ қондирилмаётганлиги натижасида табиий газ етказиб берувчилар томонидан устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Хусусан, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2018-2019 йиллар давомида улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда тўловларни ҳисоблаш ва тарифларнинг қўлланилишида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги натижасида улгуржи истеъмолчилар ҳисобидан жами
200 млрд. сўмдан зиёд миқдорда асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, мажлисда нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газни реализация қилишда тақдим этилган эксклюзив ҳуқуқларни хатловдан ўтказиб, уларни қисқартириш чораларини кўриш, нефть ва нефть маҳсулотларининг биржа савдоларига қўйилишида нархларнинг тасдиқланган графигига риоя қилган ҳолда белгиланишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида масъул идораларга кўрсатмалар берилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.