Рақобат йўқ жойда ривожланиш бўлмаслиги — кундай равшан ҳақиқат. Чунки, иқтисодий жараёнларда рақобат муҳити яратилмаса, монополлашув даражаси ортиб бораверади.
Рақобат муҳитини вужудга келтиришда давлат томонидан монополияга қарши сиёсат олиб борилиши, иқтисодиётни монополиядан чиқариш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши, бу йўналишда қонунчилик базаси яратилиши лозим. Бир сўз билан айтганда, бир пайтнинг ўзида рақобатга кенг йўл очиш ва монополияни имкон қадар қисқартиш яхши самара беради. Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳа олдига катта вазифалар қўйиляпти. Аммо натижа кутилганидек эмас. Хўш, нега? Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримовга шу ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.
— Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда ўтказилган йиғилишда қўмита фаолияти билан боғлиқ бир қатор камчиликлар айтиб ўтилди. Бунга сабаб бўлган омиллар нимада деб ўйлайсиз?
— Бозор иқтисодиётига ўтган ҳар қандай давлатда, соғлом рақобат ва адолатли савдо қоидалари жуда катта роль ўйнайди. Чунки, соғлом рақобат меҳнат унумдорлигини оширади, янги иш жойларини яратиш, инновациялар ривожи, энг муҳими, истеъмолчилар фаровонлигини таъминлайди. Соғлом рақобат нархлар пасайиши, товар-хизматлар сифати яхшиланишига олиб келади. Айни шу йўналишдаги кенг кўламли ишлар, вазифалар қўмитамиз зиммасига юклатилган бўлиб, уларга имкон қадар эътибор қаратилмоқда.
Кўрилаётган чоралар мисолида кўриш мумкинки, кейинги йилларда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари (алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар, нон ва нон, гўшт ва сут, қандолат маҳсулотлари ва бошқалар) ҳамда айрим ноозиқ-овқат товарлари (мебель, гиламлар ва гилам маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари ва бошқалар) бозорида юқори даражада соғлом рақобат муҳитига эришилди. Қурилиш, кабел-ўтказгич материаллари, пул ўтказмалари хизматлари бозорларида фаолият кўрсатаётган йирик корхоналар монополияси бартараф этилди. Лекин, шу билан бирга, бошқа мамлакатларда бўлгани каби, юртимизда ҳам давлат иштирокидаги монопол корхоналар кўплиги, уларнинг хусусий сектор билан тенг бўлмаган шароитда рақобатлашиб келаётгани ва тармоқларни бошқарадиган вазирлик ва идоралар зиммасига рақобатни ривож лантириш функцияси юклатилмагани, қатор соҳаларда соғлом муҳитни вужудга келтиришга тўсқинлик қилмоқда.
Бундан ташқари, нархларнинг керагидан ортиқча тартибга солиниши, имтиёз ва преференциялар тизими самарасизлиги, бизнес субъектлари фаолиятини тартиблаштириш даражаси юқорилиги, бошқарув идоралари рақобатни ривожлантиришдан манфаатдор эмаслиги, рақобатга қарши ҳолатлар билан курашишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмагани ҳам тизимли муаммоларга сабаб бўлган.
— Қўмита зиммасига ёндашувларни қайта кўриб чиққан ҳолда “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш вазифаси юклатилди. Унда нималар акс эттирилади? Қандай камчиликларни бартараф этиш кўзда тутилмоқда?
— Бу ўринда энг аввало, монопол ёки устун мавқега эга бўлиш қонунбузилишми ёки бозор иқтисодиёти қоидаларига асосан табиий ҳолатми, деган саволга жавоб беришимиз керак. Иқтисодиёт назариясига асосан, корхона монопол бўлиб қолиши тўғридан-тўғри қонунбузилиши ҳисобланмайди. Чунки, корхона тўғри маркетинг стратегиясини қўллаган ҳолда, товар ёки хизматлари сифатли ва арзон бўлгани, истеъмолчилар ишончини қозонгани учун ҳам монопол ёки устун мавқега эга бўлиб қолиши мумкин. Лекин, устун мавқега эга бўлгандан сўнг, буни суиистеъмол қилиш, классик монополияга қарши қонунчилик талабларига мувофиқ, қонунбузилиш ҳолати ҳисобланади. Бундай ҳолатларга нархни асоссиз ошириш, сотиб олинган товарга қўшимча товар қўшиб бериш, бошқа рақобатчиларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида, товарларни вақтинча таннархидан паст нархда сотиш ва ҳоказолар киради. Амалдаги қонунчиликка асосан, фақатгина статистик маълумотларга асосланиб, корхонанинг тегишли бозордаги улуши ҳисоблаб чиқилган ва агар у 50 фоиз ёки ундан юқори бўлса, монопол корхоналар рўйхатига киритилган. Натижада, бирор қонунбузи
лишини содир этмаган корхоналар ҳам мазкур рўйхатга қўшилиб қолган. Бу бир қатор қўшимча ҳисоботларни талаб этиш ва бюрократизмга олиб келади.
Янги ёндашув бўйича эса, фақатгина устун мавқени суиистемол қилган монопол корхоналарга нисбатан чора кўрилади. Эндиликда корхонага бозордаги хатти-ҳаракатига қараб баҳо берилади. Монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “Йўл харитаси”нинг асосий вазифаси — монопол соҳаларни қайта кўриб чиқиб, нимага бу бозорларда рақобат ривожланмаётганини ўрганиш, тегишли бозорга кириш тўсиқларини аниқлаш ҳамда олиб ташлаш, шу бозорларга хусусий сектор киришини енгиллаштиришдан иборат. Албатта, бундай чоралар юқорида санаб ўтилган муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
— Давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинган. Ушбу тизим қандай аҳамиятга эга ва нима учун йўлга қўйилган?
— Таҳлилларга қараганда, монополияга қарши қонунчиликни бузиш ҳолатларининг аксарияти, тушуниб ёки тушунмовчилик натижасида, давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат органлари томонидан содир этилмоқда. Шу боис бу тизим ана шундай корхоналарда жорий этилмоқда. Комплаенс тизими монополияга қарши давлат органи иштирокида ишлаб чиқилади. Сўнгра кўрсатиб ўтилган ташкилотларда монополияга қарши қонунчиликни бузишга олиб келадиган ҳолатлар таҳлил этилиб, уларнинг олдини олиш мақсадида ички идоравий ҳужжат сифатида қабул қилинади. Ушбу тизим кўрсатилган ташкилотларни фақат жазолаш эмас, балки қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида превентив механизм ни жорий этишга қаратилган.
— Қўмита олдига яна бир қатор вазифалар қўйилди. Шуларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Асосий вазифалар — давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши давлат сиёсати ва ҳуқуқий асосларини кенг тарғиб қилиш, республикадаги олий таълим муассасаларида рақобат сиёсати ва ҳуқуқий асосларини ўқитадиган курслар ташкил қилиш, монополияга қарши орган фаолиятини тубдан такомиллаштириш, ҳудуд ва тармоқларда рақобатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш. Чунки, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда чуқур иқтисодий назария, юриспруденция, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлган юқори малакали кадрларни узлуксиз тайёрлаш тизими яратилмаган. Масалан, олий таълим тизимида фақатгина битта муассасада (Тошкент давлат иқтисодиёт университети) монополияга қарши бошқарув ва рақобатни ривожлантириш йўналишида магистратура ташкил қилинган. Шу боис нуфузли иқтисодий таълим муассасаларида монополияга қарши тартибга солиш ва рақобатни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида курслар, таълим йўналишларини очиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ш у орқали монополияга қарши
органнинг институционал салоҳиятини ошириш таъминланади.
— Амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан қандай чоралар кўзда тутиляпти?
— Албатта, қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, замон талабига жавоб берувчи нормаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали бир қатор муаммолар бартараф этилади. Чунки, бу борада ҳам камчиликлар бор. Масалан, амалдаги “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун доирасига бир қатор рақобатни ривожлантирса бўладиган соҳалар ҳам кириб қолган. Жумладан, ушбу соҳада ишламоқчи бўлган ҳар қандай корхона фаолияти ва нархлари давлат томонидан бошқарилади. Бу эса инвестор ва ишбилармонлар учун жозибадорликнинг пасайишига сабаб бўлади. Шунинг учун бу қонунни чуқур таҳлил қилиб, темир йул тизимида йўловчи ва юк ташиш хизматлари, энергетика соҳасида электр энергияси ишлаб чиқиш ва сотиш хизматларини чиқариб ташлаш, бу соҳаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иқтисодиётимизнинг ушбу тармоқларига инвестициялар киритиш, янги иш ўринларини очиш имкониятларидан фойдаланишга ўтиш лозим. Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва бошқа қатор қонуности ҳужжатлар ҳам қайта кўриб чиқилади ва юртимизда рақобатни ҳимоя қилишнинг янги тизими, картель, устун мавқени суиистеъмол қилиш, ноҳалол рақобатнинг олдини олиш, давлат харид ари, иқтисодий концентрацияга рухсат беришнинг ҳозирги даврга мос қоидалари яратилади.
— Қўмитанинг таркибий қисми бўлган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ваколати келгусида қай тартибда кенгайтирилади?
— Бу йўналишдаги ишлар ҳам бугуннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу борада бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Масалан, товарлар (ишлар, хизматлар) назорат харидини амалга ошириш ва уларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари билан биргаликда, ушбу жараённи экспертизадан (тестдан) ўтказиш, “Фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” тадбирларини ташкиллаштириш шулар жумласидандир. Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлганда, тадбиркорлик субъектларида (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) текширишларни олиб бориш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузганлик учун ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)га нисбатан иқтисодий жарималар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларга маъмурий жарималар қўллаш механизмидан фойдаланиш ҳам мўлжалланган. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларини истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш, фуқаролик, шу жумладан, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини қўллаб-қувватлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича суд муҳокамаларида белгиланган тартибда мутахассис ва эксперт сифатида иштирок этиш, товарларни экспертизадан ўтказувчи мустақил лабораториялар ташкил қилишга ҳам эътибор бериш керак. Ички бозорларда сифатсиз, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган товарлар сотилишининг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик мақсадида, бундай товарларни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш, уларни муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан қайтариб олиш тўғрисида қарор қабул қилишни аҳамиятга молик таклифлар дейиш мумкин.
— Англашимизча, монополия соҳасида ислоҳотнинг янги босқичи бошланди. Қўмитанинг фуқаролар манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи — Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгиланиши ҳақидаги топшириқ бундан далолат. Бу қандай тартибда амалга ошади?
— Биринчи навбатда, Монополияга қарши курашиш қўмитасини парламент ҳузуридаги органга айлантириш ва бу билан унинг мустақиллигини таъминлаш юзасидан тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда соҳага оид амалдаги қонунчилик қайта кўриб чиқилиши, эскирган қоида ва нормалар олиб ташланиб, ҳозирги давр талабига мослари киритилиши, республикада бутунлай янги тизим яратилиши билан боғлиқ чоралар кўзда тутилади. Ислоҳотнинг янги босқичи рақобатбардош сиёсат, ҳуқуқий ва институционал асосни такомиллаштиришга туртки беради. Пировард натижа эса иқтисодий фаровонликка хизмат қилади.
Замира Тожиева суҳбатлашди.