Қонунчиликдаги янгиликлар ва уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди
Кеча ўтказилган давра суҳбатининг узвий давоми сифатида бугун, 29 октябрь куни пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Рақобат қўмитаси ҳамда Германиянинг “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти ҳамкорлигида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Унда Қўмита марказий аппарати ва ҳудудий органлари мутасаддилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирок этди.
Тадбирда жорий йилда қабул қилинган ПФ-63, ПФ-175 ва ПФ-51-сон Фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 563-сон қарори тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш, назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш, аҳоли мурожаатларини қонуний ҳал этиш ва ташқи рекламани жойлаштириш тартибини соддалаштиришга қаратилгани қайд этилди.
Шунингдек, семинарда мазкур ҳужжатлар талабларини амалиётда қўллаш билан бирга фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Фуқаролик кодекси талабларини қўллаш, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя этилиши ҳамда истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама мониторинги бўйича энг яхши амалиётлар муҳокама қилинди. Ҳудудлар тажрибаси Наманган, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари мисолида кўриб чиқилди.
Мазкур семинар қонунчилик талабларининг амалиётга самарали татбиқ этилишини таъминлаш, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда очиқ, шаффоф ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.








