#Кун_рақами
Рақобат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан танлов (тендер) савдоларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда
Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида ўтказилган тендер савдоларида жами 6 059 та рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи 80,6 млрд сўмлик 821 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланган.
Ўрганишлар давомида айрим савдоларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари, жумладан, рақобатни чекловчи талаблар белгилаш, аффилланганлик ва иштирокчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, Узун туман Тиббиёт бирлашмасининг 1,3 млрд сўмдан ортиқ, «Сариосиё туман Тиббиёт бирлашмаси»нинг 1,3 млрд сўмдан ортиқ ва «Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернати»нинг 725,0 млн сўмлик танловларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 172 га яқин мансабдор шахсларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Давлат харидларида қонунийлик, шаффофлик ва барча иштирокчилар учун тенг рақобат шароитларини таъминлаш Рақобат қўмитасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.








