Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармони асосида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилди. Янги тузилган монополияга қарши курашни тартибга солувчи ягона ваколатли давлат органи сифатида фаолият бошлаган мазкур Қўмита 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган эди. Ўтган чорак аср давомида Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини таъминлаш ва уларни тизимли таҳлил қилиш, қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш каби бир қатор ўзига юклатилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Қўмита фаолиятига бағишланган журнал нашрдан чиқарилди. Ушбу журналда Қўмита тарихи, унда кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилган инсонлар ҳақида фотолавҳалар берилган. Журнални ўқиш жараёнида Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва келгуси режалар ҳақида фото ва инфографикалар орқали қизиқарли маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Шунингдек, мазкур журналда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида 2019 йилда ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳам ўрин олган. (https://raqobat.gov.uz/qomita-faoliyatining-25-yilligi/)