Монополияга қарши курашиш қўмитаси ноҳалол рақобатга чек қўйди! Жумладан, яқиндагина иш фаолиятини бошлаган “Drink King” алкоголь маҳсулотларини савдоси билан шуғулланувчи дўкон, бинонинг ташқарисидаги фасадига “Қаршимиздагидан кўра арзонроқ” ёзуви туширилган баннер ўрнатган. Бу эса, ҳақиқатдан ушбу дўконнинг рўпарасида жойлашган яна бир алкоголь маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи дўконнинг обрўсини тушишига сабаб бўлган.
Рақобат ҳақидаги қонунда эса, бу каби нотўғри солиштирувлар ёки ифодалашлар орқали бошқа бир хўжалик юритувчи субъектнинг обрўси, савдосига зарар етказишига йўл қўймайди.
Зеро, ушбу ҳолатни ўрганиш жараёнида юқорида келтирилган вазиятлар аниқланганлиги сабабли, «AVANGARD TRADE GROUP» МЧЖга ўрнатилган тартибда «ALCOSTORE» МЧЖнинг фойдасига мазкур баннерларни олиб ташлаш кўрсатмаси берилди.
Шу ўринда истеъмолчилар ҳам тадбиркорлик субъектларини бир савол қийнайди. Ноҳалол рақобат нима ўзи?
Сизга, шуни маълум қиламоқчимизки, бу фақат битта маҳсулотни адаштириш даражасидаги товар белгиси, компания номи ёки бошқа хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) маҳсулотларига ўҳшаш ҳолатларгина эмас.
Амалиётда ноҳалол рақобатнинг бошқа кўринишлари ҳам бор, масалан:
бошқа хўжалик юритувчи субъектга зарар келтириши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган нотўғри таққослашлар. Бунда хўжалик юритувчи субъектнинг товарини холисона тасдиққа эга бўлган тавсифларни ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда товарнинг устунлиги ҳақида таассурот ҳосил қилувчи сўзлардан ёки белгилардан фойдаланиш орқали бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) ўзга товари билан таққослаш ёхуд кўрсатилган сўзларни ёки белгиларни ўз ичига олган тасдиқлар ёлғон, ноаниқ бўлган ёки бузиб кўрсатилган ҳоллар нотўғри таққослашдир;
товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи, сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан фуқаролик муомаласига киритиладиган товарни унинг ташқи безатилиши ва шаклини, номини, тамғаланишини, этикеткасини, ўровини, ранглар уйғунлигини, товар белгисини такрорлаш, реклама материалларидан ёки хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товарини индивидуаллаштирувчи бошқа элементлардан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш;
фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни, шу жумладан тижорат сирини эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш;
товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсиқ қўйиш тақиқланади.
Шулардан келиб чиқган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ноҳалол рақобат билан боғлиқ ҳар қандай мурожаатларни кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдиради.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати