Бугунги пандемия шароитида четдан олиб келинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини олишда импорт қилувчилар қийинчиликларга дуч келаётганлиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мазкур мурожаатларда кўрсатилган муаммолар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг (27.03.2020 йилда к-4-сон билан рўйхатдан ўтган) қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан:
- Четдан кириб келадиган озиқ-овқат, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ва шахсий гигиена воситаларини Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган талабларга мувофиқлигини баҳолашда истисно тариқасида, алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар қуйидаги тартиб ўрнатилган:
1.1. “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида маҳсулот хавфсизлиги тўғрисида Санитария эпидемиология идорасининг хулосаси ҳамда сертификатлаштириш органининг мувофиқликни баҳолаш бўйича аризани қабул қилинганлиги тўғрисида хулосаси асосида, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган ҳолда “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилади.
1.2. Ушбу товарлар учун мувофиқликни баҳолаш натижалари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган тақдирда маҳсулотлар ички бозорда мувофиқлик сертификати асосида эркин муомалага чиқарилади.
1.3. Талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар ҳақида “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига маълумотлар киритилади ва ушбу импортер томонидан келгусида келтириладиган маҳсулотлар белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини олган ҳолда “қизил йўлак” орқали назоратдан ўтказилгандан сўнг импорт қилинади.
- Озиқ-овқат маҳсулотлари мувофиқлигини баҳолаш улар республика чегарасига кириб келгунига қадар, истисно тариқасида, алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар, қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланган:
2.1. Импортер томонидан тақдим этилган маҳсулот намуналари асосида мувофиқликни баҳолаш ишлари амалга оширилади. Бунда, импортер томонидан маҳсулотга тааллуқли бўлган маълумотлар (импорт контракти маълумотлари, маҳсулот маркировкасидан нусха, ишлаб чиқарувчи корхона, маҳсулот тўпи миқдори, ишлаб чиқарилган саналари, сериялари) сертификатлаштириш идорасига электрон тарзда “Ягона дарча” божхона ахбороти тизими орқали тақдим этилади.
Намуналарнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқланган ҳолда аризада кўрсатилган маҳсулот тўпларига мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади ва мазкур сертификат асосида кириб келган маҳсулот “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига ўтказилади.
2.2. Импорт контракти доирасида кириб келадиган маҳсулотлар хавф таҳлили (риск-анализ) асосида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги даврий равишда текшириб борилади.
2.3. Текширишлар натижасида маҳсулотларнинг талабларга номувофиқлиги аниқланган тақдирда, сертификатнинг амал қилиши тўхтатилади ва бу ҳақда “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига маълумотлар киритилади.
Озиқ-овқат, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ва шахсий гигиена воситаларни импорт қилувчи тадбиркорларга, юқоридаги қарор билан яратилган қулай шароитлардан самарали фойдаланишингиз мумкинлиги тушунтирилади.
Шунингдек, мазкур қарор билан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг расмий сайтида (www.standart.uz) танишиб чиқишингиз мумкинлиги маълум қилинади.
Агар юқоридаги тартиб асосида четдан олиб келиш жараёнида давлат органларининг тўсқинлигига ёки харакатсизлигига дуч келсангиз, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этишингиз мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати