Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йил ҳамда 2021 йилнинг 6 ойи давомида оилавий корхоналарга электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва ичимлик суви (канализация) тарифларининг тўғри қўлланилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди.
«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши белгиланган.
Аммо ўрганиш давомида юқоридаги Қонун талаблари бузилганлиги, коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан бир қатор оилавий корхоналарга коммунал хизматлар учун тарифлар қонун ҳужжатларида белгиланганидан бошқача тарзда нотўғри қўлланилгани маълум бўлди.
Хусусан, белгиланган тарифларнинг нотўғри қўлланилиши натижасида
2020 йил ва 2021 йилнинг 6 ойи давомида республика бўйича 1100 га яқин оилавий корхоналардан 1 503,6 млн сўм, шу жумладан табиий газ бўйича 50 та оилавий корхонадан 272,9 млн сўм, электр энергияси бўйича 915 та оилавий корхонадан 1 204,7 млн сўм, сув таъминоти бўйича 134 та оилавий корхонадан 26,5 млн сўм асоссиз даромад олинганлик ҳолатлари аниқланиб, ҳозирда мазкур ортиқча ундирилган пул маблағларини оилавий корхоналарга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати