Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида ўтказилган мажлисида таъкидланганидек, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг ушбу акциядорлик жамияти тизимидаги ижроси ҳолати ўрганилганда мамлакат кимё саноати корхоналарининг аксариятида давлат улушининг юқорилиги, замонавий энерготежамкор технологияларнинг жорий қилинмаганлиги каби сабаблар оқибатида соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар нархлари ички ҳамда ташқи бозорда ҳам хориж компанияларнинг шу каби товар ва хизматлари билан рақобатлаша олмаяпти.
Ички бозорда товар ва хизматлар сифатини ошириш, мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан акциядорлик жамиятининг манфаатдор эмаслиги ҳам рақобат муҳитининг йўқлиги сабабларидан бири ҳисобланади.
Қонун талабларининг етарлича ишламаслиги соҳада давлат-хусусий шериклик тамойилларининг қўлланилмаслигига ҳам олиб келган.
Рақамли маҳсулотларни қўллаш таркиби суст даражада ташкил этилганлиги ҳам рақобатнинг ривожланишига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарини куз-қиш мавсумида “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар, яъни табиий газ талаб этиладиган параметрларда (12 кгс/см 2 да) етказиб берилмаслиги туфайли ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келган ёки тўлиқ қувватда ишлаш имкони бўлмаган.
Хусусан, юқоридаги сабаб туфайли 2019 йилда 318,8 млрд. сўмлик товар маҳсулоти, шу жумладан, 294,5 млрд. сўмлик азотли ўғитлар кам ишлаб чиқарилган ва 24,4 млрд. сўмлик ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларга йўл қўйилган. Бу, ўз навбатида, азотли ўғитлар таннархининг кескин ошишига сабаб бўлган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги корхоналарнинг маҳсулотларига нархлар шаклланиши
ва қўлланилиши таҳлил қилинганда айрим корхоналар томонидан маҳсулотларига юқори монопол нарх қўлланилиш ҳолатлари кузатилган
ва камчиликлар бартараф этилган.
“Maxsam-Chirchiq” АЖ томонидан аммиакли селитра маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, хўжалик юритувчи субъектларга биржа савдолари орқали сотилиши керак. Бироқ, ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғридан-тўғри шартномалар асосида таркиб корхонасига бозорда фаолият юритаётган бошқа рақобатчиларига нисбатан арзон нархда сотилиши натижасида, “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиб, хўжалик субъектлари учун тенг бўлмаган шароит юзага келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги 3386-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхатга асосан минерал ўғитлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши белгиланган.