Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Ноҳалол рақобатга чек қўйиш бошқармаси томонидан кўрилган ишлар бўйича махсус репортаж
Тадбиркор ўз маҳсулотини бозорда танилиши, ўз кўринишига эга бўлиши учун нима қилади? Албатта, маҳсулот брендига ҳам интеллектуал, ҳам моддий ресурсларни ажратади. Баъзан маҳсулотни истеъмолчилар ўртасида оммалашиши учун йиллар ўтиши керак бўлади. Ана шундай кўп йиллик меҳнатдан сўнг, компания маҳсулотига талаб ўсиб, товарнинг сифатига ишонч ортади, раҳбарнинг номи ҳурматга сазовор бўлади. Лекин, орамизда шундай тадбиркорлар борки, ҳурматга эришиш ўрнига, тезроқ пул топиш илинжида бўлишади.
Шу каби тадбиркорлар устидан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Ноҳалол рақобатга чек қўйиш бошқармасига кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Айтганча, ўзимиз ҳам ҳар куни бўлмасада баъзида савдо пештахталарида маҳсулот ҳарид қилаётганимизда худди шундай холатларга дуч келамиз.
Хоразм вилояти Хонқа туманида жойлашган “XONQA BILLUR SALT” Ўзбек-Турк қўшма корхонаси мана 20 йилдан ошибтики републикамиз ва қўшни мамлакатларга йодланган ош тузини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ноҳалол рақобат тарафдорлари томонидан маҳсулотларни қалбакилаштиришга уринишлари эса, компаниянинг нуфузи ва сифатига зарар келтирмоқда.
ДИЛШОД ОТАЖОНОВ – “XONQA BILLUR SALT” ҚК раҳбари
- Биз фаолиятимизни бошлаганимизга 23 йилдан ошди. Бугунги кунга келиб нафақат ички бозор балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистон мамлакатларига экспорт қиламиз. Бизнинг “Саодат” товар белгиси остида ишлаб чиқариладиган ош тузи истеъмолчилар ўртасида ўз номига эга. Мазкур бренднинг номи ва қадоғи Интеллектуал мулк агентлигидан рўйҳатдан ўтган. Кечагина ўз фаолиятини бошлаган тадбиркорлар томонидан маҳсулотимизга ўҳшаш қилиб қалбакилаштиришлари бизга оғир ботади. Кейин қалбаки маҳсулотни адашиб сотиб олган истеъмолчилар бизга қўнғироқ қилиб, товарнинг сифати пастлигидан шикоят қилишади. Айнан шу каби мурожаатлар сабаб Хоразм, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикалари бозорларидан қалбаки маҳсулотларни ўзимиз аниқладик.
Ишлаб чиқарувчининг гапларига кўра, унинг ўзи бир неча бора ана шундай “тадбиркорлар”ни инсофга чақиришга ҳаракат қилган, лекин, натижа қониқарсиз бўлган.
ДИЛШОД ОТАЖОНОВ – “XONQA BILLUR SALT” ҚК раҳбари
- Биз шу каби тадбиркорларга мурожаат этиб, ҳалол рақобат қилишга чақирганимизда улар томонидан бўлди ўзимиз бошқача қилиб ишлаб чиқарамиз ейишадию, лекин, биз кетганимиздан сўнг ҳеч нарса бўлмагандай ўз ишларини давом эттираверишади. Тўғриси бошида қаерга мурожаат этишни билмаган эдик, кейин, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига ариза юилан чиқган эдик, улар томонидан бизнинг муаммо кўриб чиқилди.
Бу каби мурожаатлар Қўмитанинг Ноҳалол рақобатга чек қўйиш бошқармаси томонидан кўриб чиқилади. Ўрнатилган тартибда мазкур муаммо ўрганиб чиқилганда қуйидагилар аниқланди. “SHOVAT WHITE SALT” хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан “Sadaf” номли ош тузи ишлаб чиқарилган. ушбу маҳсулот мурожаатчининг бренди ва қадоғига жуда ўхшаш бўлган. Муҳими, маҳсулотни адаштириб харид қилган истеъмолчилар, ўзларининг бор эътирозларини “Саодат” ош тузи ишлаб чиқарувчиларига йўллаган. Маҳсулотлардан намуна олган Қўмита ходимлари текшириш ўтказишни сўраб Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этишади. Унга кўра, хусусий тадбиркор “SHOVAT WHITE SALT” томонидан ишлаб чиқариладиган “Sadaf” ош тузи, “XONQA BILLUR SALT” қўшма корхонаси маҳсулоти ҳисобланган “Саодат” ош тузига жуда ўхшашлиги ва истеъмолчилар адаштириши мумкинлиги тасдиқланди.
ПИРНАЗАР НУРУЛЛАЕВ – Қўмита ҳудудий бошқарма бўлими бошлиғи
- Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонуни 26-моддасининг 3-бандига яъни, “Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилиши бўйича айбдор деб топилиб, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги Низомига мувофиқ Ҳудудий бошқарма томонидан “SHOVAT WHITE SALT”га нисбатан иш қўзғатилиб, йўл қўйилган қонунбузулиш аломатларини бартараф этиш кўрсатмаси берилди.
Ўтган йил давомида Қўмитага тадбиркорлик субъектларидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасини бузган юридик шахсларга нисбатан 242 та мурожаатлар келиб тушган. Карантин чекловлари бўлишига қарамай бу кўрсатгич 2019 йилга қараганда 24 фоиз кўпроқ мурожаатлар дегани. 242 та мурожаатдан 78 ҳолатда иш қўзғатилган бўлса, 18 та мурожаатга рад жавоби берилган, қолган 109 та мурожаатга тушунтириш ишлари олиб борилган.
ЗУМРАТ РАЗИКБАЕВА – Қўмита бош мутахассиси
- Табиий савол туғилиши мумкин: Нега мурожаатлар сони кўп, лекин иш қўзғатиш ҳолати 3 мартта кам деб. Ҳамма вазиятларда ҳам қонунбузилиш аломатлари ўз тасдиғини топмайди. Ўрганиш жараёнида кўплаб сўровлар жўнатишга тўғри келади, ҳамма ҳам бу сўровларга тўлиқ жавоб бермайди. Ёки ўрганишлар давомида қонунбузулиш аломатлари аниқланмайди ва биз иш қўзғатмаймиз. Аниқланган камчиликлар юзасидан Қўмита махсус комиссияси ўрганишлар ўтказиб ўрнатилган тартибда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма беради. Ушбу кўрсатмаларни бажармаган томонларга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш учун, ваколатли орган, яъни судга юборилади.
Агар мурожаатларни турларга ажратиб чиқадиган бўлсак, кўп ҳолларда ширинлик маҳсулотларнинг брендларини қалбакилаштириш ҳоллари учрайди. Бундай ҳолларда истеъмолчилар катта бозорларда ширинлик маҳсулотларини олаётганларида синчиковликни йўқотмасликлари керак бўлади. Зеро, ноҳалол рақобатчилар шокоад маҳсулотларини жаҳон брендларига ўхшатишга ҳаракат қилишади. Иккинчи ўринда эса, фарм саноати туради. Бу йўналишда соҳталаштириш усталари шу даражада кўпки, интеллектуал мулк эгалари баъзан уларни кузатишгада улгурмай қолишади.
ЗУМРАТ РАЗИКБАЕВА – Қўмита бош мутахассиси
- Фармацевтика соҳасида доимий қонун бузувчи тадбиркорларимиз мавжуд. Улар кўпинча Франциянинг “Sanofi” ва Украинанинг “Юрия фарм” компанияларининг маҳсулотларини соҳталаштиришга ҳаракат қилишади. Мисол учун Намангандаги “Меримед” ташкилотини олсак, унинг ишлаб чиқарадиган барча дори воситалари чет тилида ёзилади ва бирон-бир бренднинг номи олиниб олдига ёки ортига MR ҳарфлари қўйилиб савдога чиқарилади.
Ачинарлиси плагиат туфайли харид қилингна дори воситаларидан ёши катталар ва болалар зарар кўришмоқда. 25-40 ёшдагилар харид қилинувчи маҳсулотларни текшириб олишсада, лекин, уларда ҳам баъзан адашиб кетиш ҳолатлари учрайди.
НИЛУФАР РАСУЛОВА – истеъмолчи
Яна бир бор таъкидлаймиз. Ноҳалол рақобатга доир ишларни кўриб чиқишга асос бўладиган ҳужжатнинг номи “Рақобат тўғриси”ги қонун ҳисобланади. Жумладан унинг 13-моддаси. Унга кўра қуйидагилар мумкиин эмас: бошқа хўжалик юритувчи субъектга зарар келтириши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган нотўғри таққослашлар, шу жумладан товарни хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товар белгисига, фирма номига ўхшаш бўлган ёхуд адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан уни товарларда, этикеткаларда, ўровларда жойлаштириш йўли билан ёки сотилаётган ёхуд фуқаролик муомаласига ўзгача тарзда киритилаётган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқача тарзда фойдаланиш йўли билан, шунингдек ушбу белгидан домен номида фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда фойдаланилган ҳолда реализация қилиш;
Шу ўринда яна бир эсалатма, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ноҳалол рақобат бўйича мурожаатни кўриб чиқиш учун, иккала иштирокчи ҳам бир товар бозорида фаолият юритиши керак бўлади. агар, товар бозорлари ҳар-хил бўлса, унда мурожаатни тўғридан-тўғри судга қилиш керак.
ЗУМРАТ РАЗИКБАЕВА – Қўмита бош мутахассиси
- Мисол учун бизда “Al Safi” ва “Safi” товар белгиларининг иши кўриб чиқилди. Бири товуқ гўшти ишлаб чиқаради, иккинчиси суюлтирилган пишлоқ. Тўғри, бу ҳолатда номлардаги “Safi” сўзи ўхшаш, лекин, хўжалик юритувчи субъектларнинг товар бозорлари ҳар-хил бўлгани учун бизнинг ваколатимизга кирмайди. Ушбу мурожаатга нисбатан иш қўзғатишга рад жавобини берганимизада, аризачи судга мурожаат этди. Натижада туман ва шаҳар суд жараёнларини ютқаздик, лекин, Олий судда бизнинг қароримиз тўғри эканлиги исботланди.
МУХБИР: Ўзбекларнинг бир ҳикмати бор: Ҳалол топилган пулга сотиб олинган нон янада мазали бўлади. Қизиқ, бировнинг брендини соҳталаштириб, ўхшатишга ҳаракат қилаётган тадбиркор ёки сотувчи шу ҳақда ўйлармикин? Ҳамма ҳолатларда ҳам қонун бузувчи нотўғри иш қилмаганини биринчи галдаёқ тан олмайди. Ҳалол ва ўз олдига катта мақсадларни қўйган тадбиркоргина ўз брендини йўлга қўйиш ҳақида ўйлайди. Шундагина, унга киритилган сармоялар эгасига бир ёки икки йил эмас, балки, бир неча ўн йиллар давомида фойда келтиради.
Ҳурматли тадбиркорлар! Агар сизнинг интеллектуал мулкингиз ноҳалол рақобатчилар томонидан ноқонуний фойдаланилаётган бўлса, экранингиздаги Монополияга қарши курашиш қўмитаси манзиллари бўйича мурожаат этишингиз мумкин.
#ҳалол_рақобат_қилинг
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати