Бугун монополияга қарши курашиш қўмитасида «VEON» компаниялар гуруҳининг ижрочи директори ва «Unitel» МЧЖ кузатув кенгаши раиси Каан Терзиўғли бошчилигидаги делегацияни қабул қилишди. Учрашувда шунингдек, «VEON» компаниялар гуруҳи маслаҳатчиси Борис Тадич, «VEON» компаниялар гуруҳининг ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва ҳукумат идоралари билан ўзаро муносабатлар бўйича ижрочи вице-президент Виктор Бирюков ҳамда «Unitel» МЧЖ Бош директори Анджей Малиновскийлар иштирок этишди.
Учрашувнинг асосий мавзуси – «Unitel» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикасида халқаро Интернет тармоғига киришни эркинлаштириш бўйича тайёрланган лойиҳанинг муҳокамаси бўлди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистондаги ахборот технологиялари соҳасига қўшимча тарзда чет эл инвестицияларини олиб кириш имконини беради (6 млн АҚШ долларидан зиёд) шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолига интернет учун сарфланадиган маблағни камайтириш имконини беради.
Бундан ташқари учрашув давомида соҳадаги бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов хизмат кўрсатиш услубларини қайта кўриб чиқиш ва контент-провайдерлар хизматини яхшилаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, бугунги кунда истеъмолчилар тармоқда йўқ рақамларни адашиб терганда, унинг розилигисиз пуллик хизмат кўрсатиш контент-провайдерларга уланиб қолмоқда.
Делегатлар фикрига кўра, учрашув самарали бўлди ва энг муҳими оҳиргиси эмас.
Шунингдек, Қўмита раиси мобиль маълумотларни узатиш хизмати учун товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган тадбиркорлик субъектларини аниқлашда янгича ёндашув ҳақида маълумот берди. Зеро, жорий йилнинг 20 майидан бошлаб «Unitel» МЧЖ мобиль маълумотларни узатиш хизмати учун товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг Давлат реестрига киритилди, авваллари «Unitel» МЧЖ мобиль алоқалари бўйича хизмат кўсатувчи сифатида Давлат реестри рўйхатида эди.
Учрашув сўнгида томонлар бошланган ҳамкорликни давом эттиришга ҳамда келгусида бу каби суҳбатларни давомий бўлишига келишиб олишди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати