Давлат харидлари ва бошқа савдоларда рақобатни таъминлаш бўйича Монополияга қарши курашиш Қўмитасининг Марказий аппарати ва ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан жорий йилнинг 8 ой давомида жами 11340 та тендер савдолари натижалари юзасидан ўрганиш ўтказилган. Натижада 4887 та ҳолатда камчиликлар аниқланган ҳамда тегишли тартибда таъсирий чоралар кўрилган.
Мисол учун, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши юзасидан олиб борилган мониторинг ишлари жараёнида “Surxonoziqovqatsanoati” АЖ томонидан Республика Кўп тармоқли Агросаноат товар хом-ашё биржаси орқали жорий йилнинг 6 апрелида 500 тонна, 8 апрелда 146 тонна ва 9 апрелда 900 тонна ўсимлик пахта мойини савдоларга чиқарганлиги маълум бўлди.
Бироқ, “Surxonoziqovqatsanoati” АЖ томонидан Республика Кўп тармоқли Агросаноат товар хом ашё биржаси орқали маҳсулот реализацияси борасида режа жадвал ишлаб чиқилиб Қўмитанинг Ҳудудий бошқармага тақдим этилмаган. Бу эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги Низомига зид ҳаракатларга сабаб бўлган. Аниқланган қоидабузарлик натижасида, “Surxonoziqovqatsanoati” АЖнинг экспорт ва ички сотувлар, реклама бўлими бошлиғига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 178-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Навоий вилоят монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йил биринчи ярим йиллигида 389 млрд 700 млн. сўмлик 180 дан ортиқ танлов(тендер) савдоларида ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 120 тасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, 26 та ҳолат юзасидан (буюртмачилар)га иш қўзғатилди ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
Ушбу аниқланган қонун бўзилиш ҳолатлари юзасидан 22 нафар (шундан 13 нафари тиббиёт, 2 нафар маҳаллий ҳокимлик, 4 нафар таълим, 3 нафар бошқа соҳалардаги) мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари кўриш юзасидан тегишли суд органларига юборилди.
Шунингдек ўрганишлар натижаларига кўра буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида 10 та аффилланганлик ҳолатлари аниқланиб, ўрганиш маълумотлари Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тақдим этилди.
Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги қарори асосида ўтказилган 251 млрд. 400 млн сўмлик 71 та танлов(тендер) савдоларида иштирок этиб, бюджет маблағларидан 20,6 млрд. сўм иқтисод қилинишига эришилди.
Ўзбекистон Репсубликаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Шаҳрисабз шаҳар Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми томонидан бошланғич нархи 425 млн сўмлик нотурар жой биноларини жорий таъмирлаш учун ташкилотлар ўртасида танлов савдоси ўрганилди.
Натижада, танлов комиссия томонидан танлов регламенти, танлов иштирокчиларини танлаш ва баҳолаш меъзонлари ишлаб чиқилмаганлиги аниқланган ва ҳудудий бошқарма махсус комиссияси Шаҳрисабз шаҳар Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумига қонунбузилишларни бартараф этиши ва келгусида йўл қўймаслиги борасида кўрсатма берилди ҳамда жамоат саломатлиги техникуми бош ҳисобчисига нисбатан Маъмурий жазо қўллаш бўйича жиноий судга даъво аризаси киритилди.
Қўмитанинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳам Қашқадарё вилоятидаги ҳолат кузатилган яъни, Булунғур туман мактабгача таълим бўлими “Мебел ва жихозлар сотиб олиш” бўйича танлов савдолари қонун талабларига зид равишда ўтказилганлиги тўғрисидаги мурожаати кўриб чиқилди.
Талабгорлардан келиб тушган таклифлар мактабгача таълим бўлими харид комиссияси томонидан кўриб чиқишда қонунга зид равишда яъни, комиссия томонидан таклифларни баҳолаш мезонлари ва усуллари белгилаб олинмаган ҳамда таклифларни кўриб чиқиш муддатларига амал қилинмасдан танлов ғолиби эълон қилинганлиги аниқланди.
Мазкур конун бузилиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан Булунғур туман мактабгача таълим бўлими ҳарид комиссиянинг “Мебел ва жихозлар сотиб олиш” юзасидан қабул қилган қарорини ҳақиқий эмас деб топилиб, танлов савдоси бекор қилинди.
Ҳурматли тадбиркорлар, агар сиз ҳам шу каби муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат этишингиз мумкин!
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати