Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига сальбий таъсирини юмшатиш бўйича раҳбарият томонидан белгилаб берилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан қуйидагилар амалга оширилмоқда.
Асосий дори воситалари ва тиббий буюмлар нархлари мониторинги
2020 йилнинг февраль ойида респиратор вирусли инфекцияли касалликларга қарши дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришда мавжуд тўсиқлар ва муаммолар тезкор таҳлил қилинди.
Натижада, шахсий ҳимоя ниқобларининг стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, ишлаб чиқариш ва сотишга, алоҳида лицензия талаби бекор қилинди, ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 200 тага, уларнинг кунлик қуввати эса 4,5 млн. донага етди (март ойига қадар 89 та, қуввати 1,77 млн. дона бўлган).
Аҳолининг шахсий ҳимоя ниқоблари билан таъминланганлик ҳолати бўйича 610 та савдо нуқталарида кунлик мониторинг ташкил этилди.
Ташқи бозорлардан “мелтблаун” ва “спандбонд” нотўқима синтетик хом ашёни етказиб берувчиларни аниқлаш ва маҳаллий корхоналарга хом-ашёни импорт қилишга амалий кўмаклашиш бўйича таклифлар киритилди.
Асосий истеъмол товарлари нархлари мониторинги
35 турдаги асосий истеъмол товарлари, жумладан 22 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат ва 13 турдаги ноозиқ-овқат
(шахсий гигиена, тозалаш ва ҳимоя воситалари) маҳсулотларининг чакана нархлари устидан кунлик мониторинг ва ваколатли органлар билан биргаликда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Глобал инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича савдо фаолияти соҳасидаги ортиқча чекловларни олиб ташлаш, ички нархларни барқарорлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан интервенция амалга ошириш учун 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлар бўйича таклиф киритилди, маҳсулотларни импорт қилишда халқаро ҳуқуқларга барҳам бериш принципини жорий этиш ва параллел импортга рухсат бериш бўйича таклифлар киритилди.
Истеъмолчилар ва тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш
Оммавий ахборот воситаларида карантинга боғлиқ 20 дан ортиқ ҳуқуқий тушунтириш ва ахборотлар берилди.
Мурожаатларни ўз вақтида қабул қилиш учун 1159 қисқа рақами, ишонч телефонлари ва ижтимоий тармоқлар (facebook, telegram) орқали қайта алоқа таъминланди.
Пандемия даври бошлангандан бугунги кунга қадар 2,2 мингдан ортиқ истеъмолчилар мурожаатлари кўриб чиқилди, уларнинг
86 фоизи тўлиқ ҳал қилинди ва истеъмолчилар фойдасига
655 млн. сўмдан ортиқ қайтарилди, қолганлари бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш жараёнида.
Тадбиркорлар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган импорт хом-ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва уларнинг нархларини, шу божхона ставкаларини камайтириш ва нотариф тартибга солишни (сертификатлаштириш ва бошқа техник тартибга солувчи ҳужжатлар) соддалаштириш орқали пасайтириш бўйича бевосита тадбиркорлар билан мулоқотлар орқали таклифлар ишлаб чиқилди.
Натижада, айрим монопол товарлар ва хизматлар нархи камайтирилди (масалан, полиэтилен 40 фоизга, полипропилен – 15 фоизга, газ ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш – 6 фоизга), биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларининг тўлов муддатини
20 кунга узайтиришга эришилди.
399 та тадбиркорлик субъектларига нисбатан рақобатга зид ҳаракатлар, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонуний ҳаракатлари ҳамда бизнес юритишни янада енгиллаштиришга оид мурожаатлари кўриб чиқилди.
Мурожаатлар бўйича тадбиркорлар фойдасига 10,3 млрд. сўм қайтарилди, тадбиркорларга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг корхонлари томонидан асоссиз қўшимча тўлов қўлланилиши олди олинди.
Юқори ликвидли ва монопол турдаги хом-ашё ресурсларини биржага қўйилиши устидан назорат.
Юқори ликвидли ва монопол турдаги 38 хил маҳсулотнинг 87 та корхона томонидан биржа савдоларига кунлик графиклар асосида қўйиб борилиши таъминланмоқда.
Маҳсулотларга пандемия ҳолатида “ажиотаж” талабни олдини олиш мақсадида 1 савдо сессиясида 1 харидор томонидан олиниши мумкин бўлган миқдорлар чегараланди (маҳаллий ун: қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга 17 тн, бошқаларга – 3 тн; буғдой: спирт ишлаб чиқарувчиларга лимитсиз, паррандачилик корхоналарига – 70 тн, бошқаларга – 10 тн).
Бунинг натижасида биржадаги харидорлар сони 2 бараварга кўпайди ва ўз навбатида янада кўпроқ истеъмолчилар талаби қондирилишига эришилди.
Апрель ойидан бошлаб биржада форвард шартномалари асосида шакар маҳсулоти савдоси жорий этилди ва унинг нарх пасайишига эришилди.
Рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш
Етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва консалтинг компаниялари (ЕТТБ, ИҲТТ, Deloitte, Ernst & Young, Deloitte, Ernst & Young ва SmartGov) иштирокида рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинди.
Давлат ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 62 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рақобатга бўлган таъсири баҳоланди ва уларнинг 72 фоизида рақобат ва ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи нормалари мавжудлиги аниқланди.
16 та товар ва молия бозорларида рақобат муҳити таҳлил қилинди, 5 та янги монопол корхона аниқланди.
Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган эксклюзив ҳуқуқлар таҳлил ўтказилди ва 13 та хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрланди.
Монополиялар томонидан 33 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди ва бартараф этилди ҳамда тадбиркорларнинг 60 млрд. сўмга тенг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинди.
Давлат харидлари доирасида тендерлар устидан назорат
26 та тендер савдоларида иштирок этилди, бошланғич қиймати жами 5,3 трлн. сўмлик 8 та тендер доирасида рақобат чекланиши ва давлат бюджетига зарар етказилиши бартараф этилди.
Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги таъминлаш
12 та саноат тармоқларда жами 130 турдаги маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи, ишлаб чиқариш самарадорлигини, валюта харажатлари таҳлил қилинди ва уларнинг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишни назарда тутувчи “Йўл харита”си ишлаб чиқилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот – хизмати