Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига болалар учун маккажўхори таёқчалари “ХАМ ХАМ” (Интеллектуал мулк агентлиги томонидан № MGU 36203-сонли гувоҳнома берилган) ширинлигини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «ELIT GOLDEN GENERATION» МЧЖ ўзининг маҳсулотига якка тартибдаги тадбиркор «Муқумов Акмал Саиджонович» томонидан тақлид қилиниб “YAM YAM” ширинлиги ишлаб чиқарилаётгани ва бу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат этди.
Ўрганишлар жараёнида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган «Муқумов Акмал Саиджонович» ЯТТ “ХАМ ХАМ” маҳсулотининг қадоғи тақлид қилиб “YAM YAM” маҳсулотини ишлаб чиқараётгани аниқланган.
Ўтказилган экспертиза маълумотларига кўра эса, «Муқумов Акмал Саиджонович» ЯТТ маҳсулоти ҳақиқатдан «ELIT GOLDEN GENERATION» МЧЖ маҳсулотига кўриниши, номи ва қадоғи билан жуда ўхшашлиги ва бу билан истеъмолчиларни адаштириши мумкинлиги тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан, Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан тақлидчига иш қўзғатилиб, қонунбузувчига муаммони бартараф этиш кўрсатмаси берилди.
Тақлидчи кўрсатмани бажариб, ҳозирги кунда ўз маҳсулотини янги ном ва бренд билан ишлаб чиқармоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати