Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамаси regulation.gov.uz сайтида маҳаллий ҳокимликлар томонидан жойлаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган туман ва шаҳарлар ҳокимларининг юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича қарорлари лойиҳаларида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига зид нормалар кузатилди.
Хусусан, айрим қарор лойиҳаларида автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссиялари таркибига аниқ бир корхона ёки суғурта ташкилоти вакилини киритиш ҳолатлари учраган, бу эса комиссия ишини ташкил этишда манфаатлар тўқнашувини келиб чиқиши ва бошқа тадбиркорлик субъектлари ёки суғурта ташкилотларига камситувчи шароитлар яратилишига олиб келади.
Масалан, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ва Сурхондарё вилояти Термиз шахар ҳокимлигининг қарорлари лойиҳасида “GROSS Insurance” СК, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод, Қамаши, Косон ва Чироқчи туманлари, Наманган вилояти Учқўрғон, Поп, Чуст, Чортоқ, Наманган ва Косонсой туманида “Узагросуғурта” ДАСК вакиллари автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш комиссияси таркибига киритилган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низомнинг 18-бандида техник кўрикни ўтказиш комиссия таркибига Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бўлинмаси, трамвай-троллейбус парклари, бошқа давлат органлари, шунингдек нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг вакиллари киритилиши белгиланган.
Ўрганиш натижалари бўйича 14 та шаҳар ва туманлар ҳокимлари қарор лойиҳалари юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш Методикаси асосида хулосалар юборилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати