Монополияга қарши тиргак бўла оладими?
Бобир КАРИМОВ,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
Ўзбекистон ва бошқа Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган давлатларда давлат иштирокидаги монопол корхоналарнинг кўплиги, уларнинг ҳусусий сектор билан тенг бўлмаган шароитда рақобат қилиб келаётганлиги ва тармоқни бошқарадиган вазирлик ва идораларнинг вазифаларига рақобатни ривожлантириш функцияси йўқлиги соғлом рақобатни вужудга келишига катта тўсиқ бўлиб келмоқда.
Бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтган ҳар қандай давлатда соғлом рақобат ва адолатли савдо қоидалари жуда муҳимдир. Соғлом рақобат меҳнат унумдорлигини оширади, янги иш ўринлари яратилиши, инновациялар ривожланишини таъминлайди ва, энг муҳими, истеъмолчилар фаровонлигига хизмат қилади. Соғлом рақобат нархларни пасайтириб, товар-хизматларнинг сифатини оширади.
Президентимиз раислигидаги жорий йил 28 май кунги иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Бугунги кунда 31 та товар гуруҳи ва 82 турдаги хизмат бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда фаолият юритмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган, хусусан 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкин.
Йиғилишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси олдига давлат органлари ва давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши давлат сиёсати ва ҳуқуқий асосларини кенг тарғибот қилиш, республикадаги олий таълим муассасаларида рақобат сиёсати ва ҳуқуқи асосларини ўқитадиган курслар ташкил қилиш, монополияга қарши орган фаолиятини тубдан такомиллаштириш, ҳудудлар ва тармоқларда рақобатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилди.
Комплаенс тизими нега керак?
Давлат иштирокидаги монопол корхоналар ва давлат органларида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш белгиланди. Бунинг асосий сабаби, монополияга қарши қонунчиликни бузилиш ҳолатларининг аксарияти билиб ёки билмаган ҳолда давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат органлари томонидан содир этилмоқда. Монополияга қарши комплаенс тизими монополияга қарши давлат органи иштирокида ишлаб чиқилади ва кўрсатиб ўтилган ташкилотларда қонунчиликнинг бузилишига олиб келадиган ҳолатлар таҳлил қилиниб, ички идоравий ҳужжат қабул қилинади. Ушбу тизим, кўрсатилган ташкилотларни фақат жазолаш эмас, балки қонунбузилишларни олдини олиш мақсадида превентив механизмни жорий этишдан иборат.
Аммо олдин монопол ёки устун мавқега эга булиш бу қонунбузилишми ёки бозор иқтисодиёти қоидаларига хос табиий ҳолатми, деган саволга жавоб беришимиз керак. Иқтисодиёт назариясига кўра, корхона монопол бўлиб қолиши тўғридан-тўғри қонунбузилиш ҳисобланмайди. Чунки корхона тўғри маркетинг стратегиясини қўллаган ҳолда, товар ёки хизматларнинг сифатли ва арзон бўлганлиги ҳамда истеъмолчилар ишончини қонзонганлиги учун ҳам монопол ёки устун мавқега эга бўлиб қолиши мумкин. Лекин устун мавқега эга бўлгандан сўнг, ушбу устун мавқеини суистемол қилиш классик монополияга қарши қонунчилик талабларига мувофиқ қонунбузилиш ҳолатлари ҳисобланади. Устун мавқени суистеъмол қилиш холатларга нархни асоссиз ошириш, сотиб олинган товарга қўшимча товар қўшиб бериш, бошқа рақобатчиларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида вақтинча товарларни таннархидан паст нархда сотиш ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
“Йўл харитаси” соҳани қайта кўриб чиқади
Амалдаги қонунчиликка асосан, фақатгина статистик маълумотларга асосланиб корхонанинг тегишли бозордаги улуши хисоблаб чиқилгани ва агар улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлса монопол корхоналар рўйхатига киритилган. Бу ҳеч қандай қонун бузилишини содир қилмаган корхоналарни хам руйхатга киритиб, бир қатор қўшимча ҳисоботларни талаб этиш ва бюрократизмга олиб келарди. Янги ёндашув бўйича эса фақатгина устун мавқеини суистемол қилган монопол корхоналарга нисбатан чора кўрилади, яъни эндиликда корхонага бозордаги хатти-ҳаракатига қараб баҳо берилади.
Монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “Йўл харитаси”нинг асосий вазифаси, монопол соҳаларни қайта кўриб чиқиб, нимага бу бозорларда рақобат ривожланмаётганлигини ўрганиш, тегишли бозорга кириш тўсиқларини аниқлаш ҳамда уларни олиб ташлаш ва шу бозорларга хусусий секторни киришини енгиллаштириш киради.
Масалан, ҳозирги таҳрирдаги “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунда бир қатор амалда рақобатни ривожлантирса бўладиган соҳалар ҳам кириб қолган. Бу ушбу соҳага кирмоқчи бўлган ҳар қандай корхонанинг фаолияти ва нархлари давлат томонидан бошқарилади, бу эса соҳани инвесторлар ва ишбилармонлар учун жозибадорлигини йўқотади, деганидир. “Табиий монополиялар тўғрисидаги” қонунни қайта кўриб чиқиб, масалан темир йўл тизимида йўловчи ва юк ташиш хизматларини, энергетика соҳасида электр энергияси ишлаб чиқиш ва сотиш хизматларини чиқариб ташлаб, бу соҳаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иқтисодиётимизнинг ушбу соҳаларига инвестициялар киритиш, янги иш ўринлар яратиш имкониятлари мавжуд.
Энг заиф жойимиз — кадрлар масаласи
Тан олиш керак, шу кунга қадар рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда чуқур иқтисодий назария, юриспруденция ва амалий билим ва кўникмаларга эга бўлган юқори малакали кадрларни узлуксиз тайёрлаш тизими яратилмаганди. Масалан, олий таълим тизимида фақатгина 1 та муассасада (Тошкент давлат иқтисодиёт университети) магистратура босқичида монополияга қарши бошқарув ва рақобатни ривожлантириш йўналиши ташкил қилинган. Шунга кўра, нуфузли иқтисодий таълим муассасаларида монополияга қарши тартибга солиш ва рақобатни ҳимоя қилиш бўйича алохида курслар, таълим йўналишларини очиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шу орқали Монополияга қарши органнинг институционал салоҳияти ошириш мумкин.
Қонун лойиҳасидан нималар ўрин олади?
Йиғилишда айтилганидек, Монополияга қарши курашиш қўмитасини Парламент хузуридаги органга айлантириш ва бу билан унинг мустақиллиги таъминлаш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи ўртага ташланди. Бу жараёнда ушбу соҳада шу кунга қадар қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонуности ҳужжатлар қайта кўрилади. Улардаги бугунги замон талабларига мос келмайдиган, эскирган бандлар олиб ташланиб, республикада бутунлай янги тизим яратилади. Бир сўз билан айтганда, картель, устун мавқени суистемол қилиш, ноҳалол рақобат, давлат харидлари, иқтисодий концентрацияга рухсат бериш қоидалари замонавий ва ҳозирги давр талабига асосан ишлаб чиқилади.
«Янги Ўзбекистон» газетаси
Мухбир: Соҳиба Муллаева