Коммунал хизматлари, табиий газ ва электр таъминоти соҳасида истеъмолчилар билан тузиладиган шатномалар қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаслиги, бунинг оқибатида асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётганлиги бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Дарҳақиқат, ушбу корхоналар табиий монополия субъектлари ҳисобланади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6313-сонли Фармонига асосан табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган коммунал хизмат кўрсатиш, энергия таъминоти соҳасида оммавий шартномалар ўрганиш бошланди.
ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ НИМАНИ КЎРСАТАДИ?
Бугунги кунга қадар Қўмита томонидан табиий монополия субъектларининг 250 дан ортиқ шартномалар ўрганилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, 150 та ҳолат (шундан 45% газ таъминоти, 15% электр энергия таъминоти, 15% иссиқлик энергияси таъминоти, 15% сув таъминоти ва 10% бошқа соҳаларга тегишли) истеъмолчиларнинг манфаатларига ва монополияга қарши қонунчилик талабларига зид эканлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаол истеъмолчиларни муаммоларни аниқлашда бевосита иштирок этишга таклиф қилади. Таклифлар билан 71 207 47 00 рақамига мурожаат қилишингиз ёки info@antimon.gov.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин.