Истеъмолчиларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва улар томонидан билдирилаётган таклифларни инобатга олиш мақсадида, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қарор лойиҳаси билан ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилоти томонидан тақдим этилган электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш прибори, маиший истеъмолчиларга маъқул бўлмаса ёки улардаги мавжуд шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда ўрнатиш учун мос келмаса, истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборини ўз ҳоҳишига кўра танлаш ҳуқуқи тақдим қилинмоқда.
Бунда, маиший истеъмолчи Ўлчаш воситаларининг давлат реестрига киритилган, шунингдек электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига мос келадиган бошқа турдаги электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш приборини ўз маблағлари ҳисобидан харид қилиши, даврий давлат қиёсловидан ўтказиши ҳамда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилоти томонидан бепул ўрнатилиши, пломбаланилиши ва рўйхатдан ўтказилиши кўзда тутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг мазкур Қарор лойиҳаси regulation.uz сайтига ID 19775 рақами остида 24 июл 2020 йил санасигача муҳокамага жойлаштирилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати