Ҳудудий бошқармага вилоятда фаолият кўрсатувчи улгуржи табиий газ истеъмолчилари томонидан мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларда ҳудудий филиал томонидан “Ўзтрансгаз” АЖсининг 2015 йил 22 сентябрьдаги “Саноат коллекторлари орқали улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 654-сонли буйруғи асосида истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинмаган табиий газ учун уларнинг абонент ҳисоб рақамидан маблағ ечиб олинганлигидан норозилиги билдирилган.
Ушбу ҳолатлар бўйича “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалидан сўров асосида тегишли маълумотлар олиниб ўрганилди.
“Ўзтрансгаз” АЖсининг 2015 йил 22 сентябрдаги 654-сонли буйруғига асосан саноат коллекторидан автомобильларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (АГТКШ) газ узатувчи қувурнинг уланиш нуқтасигача бўлган қисмида табиий газ ҳажмларини ҳисоб-китобини олиб боришда келиб чиқадиган фарқнинг қиймати АГТКШ томонидан газ таъминоти корхонасига тўлаб берилиши белгиланганлиги важи асос қилиниб, газ таъминоти корхонаси улгуржи истеъмолчилар билан табиий газ истеъмолида вужудга келган тафовутни, яъни истеъмол қилинмаган табиий газни истеъмолчи тўлаши бўйича қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда шартнома тузилган.
Таҳлил натижаларига кўра “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январьдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”га зид равишда 35 та улгуржи истеъмолчиларга истеъмол қилинмаган табиий газ учун 1 756 356 метр/куб табиий газ ҳисобланиши ҳисобига 1 592 260 500 сўмлик асоссиз даромад олинганлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича “Ўзтрансгаз” АЖга нисбатан “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 15-16-моддалари бузилганлиги ҳолати бўйича иш қўзғатилди.
Бошқарма Махсус комиссиясининг ишни кўриб чиқиш бўйича қабул қилган 2020 йил 23 июньдаги қарорига асосан “Ўзтрансгаз” АЖга қонун бузилиши натижасида олинган 1 592 260,5 минг сўм асоссиз даромадни бир ой муддатда 35 та истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатма берилди.
Бироқ “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан кўрсатма бажарилмаган.
Бошқарма томонидан кўрсатма ижросини таъминлаш ва истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга жавобгар “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида даъво ариза берилди.
Бошқарма томонидан берилган мазкур даъво Кармана туманлараро иқтисодий суд томонидан жорий йилнинг 21 сентябрь кунида кўриб чиқилиб, суд томонидан даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, асоссиз олинган 1 477 732,1 минг сўм маблағлар истеъмолчиларга қайтарилишига эришилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати