Монополияга қарши курашиш қўмитасига “Би Текс” МЧЖдан (Молдова) унга тегишли бўлган “BITEX” товар белгиси фуқаро Унгер Марат Аронович томонидан ноқонуний тарзда рўйхатдан ўтказилгани ва ушбу ҳолат бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ чора кўрилиши тўғрисидаги мурожаати келиб тушди.
Мурожаатда айтилишича, “Би Текс” МЧЖ 1998 йилдан эътиборан Молдова Республикасида фаолият кўрсатиб, асосан таглиги ПВХдан ишланган, текстил материалидан тайёрланган аёлларнинг сайр учун мўлжалланган пойафзалини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2004 йилдан бошлаб ўз маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритган ва “БИТЕКС” белгиси остида сотиб келган.
Компаниянинг Ўзбекистондаги манфаатлари унинг ҳамкори ҳисобланган вакил – Унгер Марат Аронович томонидан амалга оширилган.
2009 йилда Марат Аронович Интеллектуал мулк агентлигида Товар ва хизматлар халқаро таснифининг 25 гуруҳи бўйича “BITEX” товар белгисини давлат рўйхатидан ўтказган.
Шунингдек, Унгер Марат 2015 йилда Ўзбекистонда “BITEX” товар белгиси остида аёллар пойафзалини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “BITEX” ХК МЧЖ номли ўз компаниясини, шунингдек Молдова Республикасида ҳам худди шу товар белгиси остида “DOINA-PRIM” МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказган.
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгисидан фойдаланган ҳолда, тадбиркор фаолиятини ундан аввал бошлаган “Би Текс” МЧЖни (Молдова) маҳсулотларини республика ҳудудига киришини тўхтатиб қўйган.
Мурожаат қилувчи томонидан келтирилган далларга асосан, Қўмита томонидан иш қўзғатилди. Ўрганиш якунига мувофиқ, “BITEX” МЧЖ ХК, “DOINA-PRIM” МЧЖ ва Унгер Марат Ароновичдан ташкил топган шахслар гуруҳи “BITEX” товар белгисини рўйхатдан ўтказиши инсофсиз рақобат деб тан олинди.