Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан «РОТБАНД», «KNAUF» ва «ROTBAND» товар белгиларига эгалик қилиш ҳуқуқи «BUXOROGIPS» қўшма корхонасига берилган бўлиб, ўз маҳсулотларини айнан шу номларда ишлаб чиқаради. Лекин, бозорларда юқоридаги маҳсулот номига ўхшаш «Xurram Zilol» МЧЖга (Тошкент вилояти, Зангиота тумани) тегишли «RODBIN» ҳамда «Qurilish Mollari Markazi» ОКга (Тошкент вилояти, Тошкент тумани) тегишли «ROTBIN» номлари остида маҳсулотлар савдоси амалга оширилади. Ушбу ҳолат бўйича «BUXOROGIPS» ҚК Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига ўз интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича мурожаат этди.
Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, «РОТБАНД», «KNAUF» ва «ROTBAND» товар белгилари ҳақиқатдан № MGU 26048-сонли рақам билан 09.11.2012 да (амал қилиш муддати 09.11.2022 йилгача) «BUXOROGIPS» ҚК номига рўйхатдан ўтказилган. Шу ўринда яна бир маълумот, «Xurram Zilol» МЧЖ ва «Qurilish Mollari Markazi» ОКлар томонидан Интеллектуал мулк агентлигига ўз товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳеч қандай мурожаат йўлланмаган экан. Шунингдек, мутахассис хулосасида «RODBIN» товар белгиси «Xurram Zilol» МЧЖ, «ROTBIN» «Qurilish Mollari Markazi» ОКлар томонидан ишлатилиниб, «BUXOROGIPS» ҚК тегишли бўлган «KNAUF ROTBAND» товар белгисига жуда ўхшашлиги келтирилган. Бу эса, харидорларни маҳсулот сотиб олишда адашиб кетишига олиб келиши мумкин.
«Xurram Zilol» МЧЖ тақдим этган маълумотлар: 2019-2020 йиллар давомида ишлаб чиқарувчи томонидан ҳар бири 25 кг.лик жами 25 минг кг. қуруқ гипс аралашмаси ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 2020 йилда «ЭЛ-МАКС» бренди асосида ишлаб чиқарилган 13 минг 750 кг (550 та қоп) «RODBIN» қуруқ гипс аралашмаси, чакана савдо дўконларида умумий қиймати 9 млн. 350минг сўмлик маҳсулот сотилган. 2020 йилнинг 20 октябр ҳолатига кўра, омборхоналарда 11 минг 250 кг маҳсулот қолган.
«Qurilish Mollari Markazi» ОК тақдим этган маълумотларга кўра: корхона ўз фаолиятини 2020 йил 7 июл санасида бошлаган бўлиб, 2020 йилнинг 8 октябригача бўлган даврда «ROTBIN» товар белгиси остида 54 минг кг қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқарилган. бугунги кунга келиб эса корхона омборида 14 минг кг маҳсулот сақланмоқда. Шу ўринда, ушбу товар белгиси остида маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳуқуқ берадиган корхонанинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ.
Хуллас, ишни ўрганиш жараёнида «Xurram Zilol» МЧЖ ва «Qurilish Mollari Markazi» ОКлар Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида кўрсатилган қонунбузилиш аломатлари аниқланганлиги сабабли, Қўмитанинг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати