Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига
Навоий шаҳридаги “Nurota Zamini” МЧЖ ёзма мурожаат қилиб, корхонанинг автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциясига “O’ztransgaz”АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисобга олиш приборининг Давлат стандарти талабларига жавоб беришига қарамасдан, ҳисобга олиш прибори кўрсаткичларидан ташқари, корхона томонидан сарфланмаган табиий газ ҳажмлари учун қўшимча тўловлар ҳисобланаётганлиги масаласини қонуний кўриб чиқилишида амалий ёрдам берилиши сўралган.
Мурожаат юзасидан олиб борилган ўрганишларда “Nurota Zamini” МЧЖ билан “O’ztransgaz”АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти худудий филиали ўртасида 2019 йил 3 январда шартнома тузилган. “O’ztransgaz” АЖнинг 2015 йил 22 сентябрдаги “Саноат коллекторлари орқали улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 654-сон буйруғига асосан 6-сонли келишув шартномаси тузилган. Унга кўра “O’ztransgaz” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти худудий филиали томонидан “Навоий-1пром” газ тақсимлаш шаҳобчаси (ГТШ) орқали саноат тармоғидан фойдаланувчи улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари ўртасидаги тафовутлар аниқланиб, унинг тегишли қисми “Nurota Zamini” МЧЖнинг сарфланган табиий ҳажмларига асоссиз қўшилганлиги маълум бўлди.
Натижада, газ таъминоти корхонаси томонидан “Nurota Zamini” МЧЖга 2019 йил давомида 129 877 м3 истеъмол қилинмаган табиий газ учун 116 926,6 минг сўм асоссиз ҳисобланган.
Мазкур масала бўйича ҳудудий бошқарма томонидан мурожаатчига амалий ёрдам кўрсатилди, ҳаттоки иш Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб — “O’ztransgaz”АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалидан “Nurota Zamini” МЧЖ фойдасига
116 926,6 минг сўм ундириш бўйича тегишли ҳал қилув қарори қабул қилинди. Ҳал қилув қарор белгиланган тартибда ижрога қаратилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати