Фаолиятини Қорақалпоғистон Республикасида олиб борувчи «RAYXAN INVEST GULI» МЧЖ қурилиш молларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ўтган йилда корхона раҳбари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш мақсадида кредит олади, бунинг ортидан вақтида бажарилиши керак бўлган бир нечта буюртмалар ҳам келиб тушади.
Олинган янги технологиялар тўлиқ куч билан ишлаши учун, 20 кВт қувватга эга 3 фазали трансформаторга уланиш керак бўлган. Бу ҳақда тадбиркор давлат хизматлари марказига ариза қолдиради ва кутишни бошлайди…
Давлат хизматлари маркази аризани кўриб чиқиш учун электр таъминотига жўнатади ва ариза жўнатилганича қолиб кетади. Тадбиркорнинг электр таъминотига қилган бир нечта мурожаатлари жавобсиз қолади. Натижада, тадбиркор ёрдам сўраб Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси орқали Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этади.
Муаммо ижобий ҳал этилди. Аммо, шу ўтган давр мобайнида тадбиркор янги олган дастгоҳларидан фойдалана олмай, унга олинган кредитни тўлаб юрган. Буюртмачиларнинг талабларини бажара олмаган. Бир қарашда бунақа масалаларнинг муаммоси анчагина катта бўлади.
Мисол учун, Нукус туманидан товуқ фермасини сотиб олган «ALINA CHIKEN HOUSE» МЧЖ ҳолатини келтиришимиз мумкин. Тадбиркор давлат хизматлари маркази орқали 2020 йилнинг 12 июнь санасида фермани электр таъминотига улаш учун ариза қолдиради. Электр таъминоти корхонасидан тадбиркорга янги электр таъминотига янгитдан мурожаат қолдириш ва кўрсатилмаган хизмат учун тўлов қилиши кераклиги ҳақида хабар келади.
Трансформаторга уланиш учун ҳамма кераклик анжомлар тадбиркор томонидан сотиб олинган. Лекин, тадбиркорга электр таъминоти томонидан аввалига лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб тасдиқлаши учун 3 млн
103 минг сўмлик тўлов қилиниши, кейинчалик бошқа лойиҳа ташкилоти мазкур хизмат учун 16 млн сўмлик тўлов қилиниши кераклиги ҳақида айтишган. Шу ўринда савол, бу тўловлар қайси хизматлар учун? Ферма трансформаторга уланмагани сингари саволга жавоб ҳам берилмади.
Шундай қилиб, ферма раҳбари Нукус шахридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси орқали Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этади. Мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, сўралган тўланиши керак бўлган маблағларга аниқлик киритилди ва ферма трансформаторга уланиб берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати