Мамлакатимизда ҳозирги мураккаб пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, шу мақсадда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш борасида қатор қарорлар қабул қилинмоқда.
Шулардан бири сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 216-сонли қарорини келтириш мумкин.
Бир қатор ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида мазкур қарор юзасидан турли фикрлар билдирилмоқда, хусусан, айримлар деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқалари ҳамда ҳудудларда ташкил этилган “Томорқа хизмат” корхоналари монополияга айланаётганлиги такидланмоқда, қишлоқ аҳолиси етиштирган маҳсулотини кластерлар томонидан сотилиши умуман номақбул деб эътироф этилмоқда, томорка ҳизмати ва кластерлар билан шартнома тузиши мажбурий дейилмоқда.
Лекин, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 216-сонли қарорида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларини мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларига ихтиёрий асосда бириктирилиши, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялар деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари билан ўзаро ҳамкорлик асосида маҳсулот етиштириш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш хамда экспорт қилиш буйича шартнома тузиши кўзда тутилган.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштириш, уларга ишлов бериш ва сотишда ҳеч қандай монополия ўрнатилмаган. Мазкур жараёнларни ихтиёрийлик асосида ўзаро тарафлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш, қўшимча равишда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштирувчилар учун ҳар томонилама кўмаклашиш чоралари жорий этилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4549-сон қарорида:
мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштирувчиларни мева-сабзавот кластерларига бириктириш улар билан қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар ҳамда туман ҳокимлиги ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган маҳсулот етказиб бериш шартномалари орқали амалга оширилиши;
маҳсулот етказиб бериш шартномалари фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, уларда шу жумладан маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб аниқлаш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилиши белгиланган.
Мазкур ҳужжатларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун бозор муносабатлари шароитида харидоргир маҳсулотлар етиштириш (йилига камида 2 марта ҳосил олиш) орқали ўз молиявий аҳволини янада яхшилаш, оила аъзолари бандлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар ётади.
Юқоридагиларга кўра, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
норматив ҳужжатларда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштиришда давлат (ёки кластер) буюртмаси (қайси маҳсулотни экиш), етиштирилган маҳсулотни сотиш бозорларини белгилаш каби рақобатга зид нормалар акс эттирилмаган;
ўзининг моддий-техник базасига эга аҳоли мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда иш юритиши, мустақил равишда уруғлик танлаши, маҳсулот етиштириши, уларга ишлов бериши, етиштирилган маҳсулотни ўзи сотиши мумкинлиги кафолатланган;
қишлоқ жойларида етарли моддий-технк ресурсларга эга бўлмаган аҳоли вакиллари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва кафолатли даромад имкониятини яратиш учун тавсия сифатида “Томорқа ҳизмати” МЧЖ ҳизматларидан фойдаланиш ёки маҳсулотларни мева-сабзавотчилик кластерларига сотиш кўзда тутилган.
Шу ўринда, агар томорқа эгаларига ҳокимлик ёки бошқа давлат органлари “Томорқа ҳизмати” МЧЖ ёки мева-сабзавотчилик кластерлари ҳизматларидан фойдаланиш мажбурлаган тақдирда Монополияга қарши қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Монополияга Қарши Курашиш Қўмитаси Матбуот Хизмати