Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 6 июлдаги ПФ–6019-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек, уларнинг аффилланган шахсларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этишда (қайта ташкил этишда) монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини олиш тартиби тўғрисида” 2021 йилнинг 3 июнидаги 346-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек, уларнинг аффилланган шахслари ёки хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этишда, қайта ташкил этишда (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартиришда), хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишда, фаолият тури ўзгарганда олдиндан розилиги олиш тартиблари белгиланган.
Шу билан бирга давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек, уларнинг аффилланган шахсларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларини ташкил этишга (қайта ташкил этишга) олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза:
а) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан:
ўз фаолиятини республиканинг барча ҳудудларида ёки бир нечта ҳудудида амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ҳолатларида;
хўжалик юритувчи субъектни ташкил этишда (қайта ташкил этишда), агар хўжалик юритувчи субъектнинг муассислари бўлган давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар ёки унинг аффилланган шахслари товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса;
хўжалик юритувчи субъектни ташкил этишда (қайта ташкил этишда), агар муассислари давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари бўлса;
б) республиканинг тегишли ҳудуди доирасида ўз фаолиятини амалга оширадиган муассиси маҳаллий давлат ҳокимяти органи бўлган хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ҳолларида – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Бундан ташқари ушбу мурожаатлар тегишли тартибда 60 кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Кўриб чиқиш ва аффилланган шахсларни аниқлаш тартиблари, ҳамда қонун ҳужжатларининг бузилиши бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш тартиблари белгилаб қўйилди.
Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ ёки мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадлари билан боғлиқ бўлган давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ҳолларига татбиқ этилмайди.
Агар давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, уларнинг аффилланган шахслари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат қарори билан ташкил этилаётган (қайта ташкил этилаётган) бўлса, унда монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини олиш тўғрисидаги ариза тегишли қарор лойиҳасини келишиш (имзолаш) учун киритилишидан олдин монополияга қарши органга тақдим этилиши зарур.
Шунингдек мазкур Низом талаблари бажарилишини доимий назорати Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва уларнинг ҳудудий органлари ҳамда Давлат хизматлари марказлари зиммасига юклатилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати