Жорий йилнинг 27 март санасида «TROLL.UZ» сайтида Бухоро тиббиёт институти буюртмачи сифатида «Bitubi Grupp» МЧЖдан «Одам анатомияси» китобини қонунчиликка зид равишда харид қилингани ҳақида маълумот чоп этилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилди.
Мазкур ўрганишлар Бухоро тиббиёт институти томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талабларининг бузилиш аломатларига кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, 03.08.2020 йилда буюртмачи махсус ахборот порталида бошланғич нархини пасайтириш йўли билан аукцион савдоси орқали китобларни сотиб олиш тўғрисида эълонни жойлаштирган, унда аукционнинг
бошланғич нархи 391 860 000 сўмни ташкил этиб якунланиш санаси 10.08.2020 йил белгиланган. Ушбу саналарда аукцион ғолиби аниқланмагани сабабли, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 48-моддасига кўра махсус ахборот порталида 12.08.2020 йилдан 17.08.2020 йилгача аукцион қайта ўтказилиши ҳақидаги эълон такроран жойланган. Шундан сўнг ҳам ғолиб аниқланмаган. Эълон учинчи маротаба жойлаштирилганда
2020 йилнинг 10 августидан 20 августига қадар танлов савдолари ўтказилиши маълум қилинган.
Мазкур танлов савдолари юзасидан маълумот ва ҳужжатлар ўрганиш натижасида, қонун бузилиш аломатлари аниқланган.
Хусусан, танлов савдоларида уч томонлама келишув борлиги маълум бўлган. Булар:
- Махсус ахборот порталида жойлаштирилган дастлабки тижорий таклифларгага кўра, «Bitubi Grupp» МЧЖ 933 дона «Одам анатомияси» китоблари учун 382.530.000 сўм билан, «Бухоро Шарқ» МЧЖнинг эса 373.666.500 сўм билан ўз таклифларини тақдим этишган. Шунга қарамай,
933 дона китобнинг умумий нархи 373.666.500 сўмга харид қилиш учун шартнома «Bitubi Grupp» МЧЖ билан тузилган. Ўрганиш давомида махсус ахборот порталидаги маълумотлар, «Bitubi Grupp» МЧЖнинг таклифи – 373.666.500 сўмга, «Бухоро Шарқ» МЧЖнинг таклифи эса 382.530.000 сўмга алмаштирилгани маълум бўлди. - Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни талабига мувофиқ савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш мумкин бўлмасада, буюртмачи «Одам анатомияси» китобининг Ш. Ж. Тешаева ва Е. А. Харибовалар томонидан ёзилганини харид қилишга эълон берган. Иккала муаллиф ҳам Бухоро тиббиёт институти ходими ҳисобланади.
- Мазкур китоблар харидини ўрганиш жараёнида, олдинги ўтказилган аукционларда №5113538-сонли лоти билан «Курилиш Таъмир Савдо» МЧЖ, №5121356-сонли лот билан «Глобал Баходир Траст» МЧЖлар ғолиб деб топилган. Аммо, китоб етказиб беришни имкони бўлмагач, ўзаро келишувга кўра шартномалар бекор қилинган. Аниқланишича, китобни айнан «Bitubi Grupp» МЧЖ чоп этган.
Ўрганиш якунларига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан Бухоро тиббиёт институтига қарши иш қўзғатиб, унга кўрсатма берилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати