Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти бошқармасига келиб тушган мурожаатлар асосида, “Бухорогаз” ҲГТФ томонидан вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган улгуржи истеъмолчиларга 2019 йил апрел-август ойлари давомида етказиб берилган табиий газ учун қўлланилаётган тарифлар ва ҳисоб китоб тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинди.
Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22 – сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” қоидаларида белгиланган талабларига риоя қилинмаганлиги натижасида вилоятдаги тадбиркорлик субъектларига асоссиз равишда табиий газ тарифлари ортиқча қўлланилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Унга кўра, “Бухорогаз” ҲГТФ томонидан “ФОТОН ЛЮКС” МЧЖга 2019 йил май ойида етказиб берилган жами 21627 м3 табиий газ учун амалдаги 1 м3 (1000 сўм) тарифга 1,4 фоиз коэффициент қўллаган ҳолда яъни 1 м3 учун 1400 сўмдан қўлланилганлиги натижасида 8 млн. 650 минг.сўм, бундан ташқари, Филиал томонидан вилоятдаги 114 та тадбиркорлик субъектларига 2019 йил апрел-август ойларида етказиб берилган табиий газ учун амалдаги тарифга 1,4 фоиз коэффициент асоссиз равишда қўлланилганлиги натижасида жами 1 млрд. 54 млн. 740 минг сўм, ортиқча тўловлар ҳисобланганлиги аниқланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳудудий бошқарма томонидан ваколат доирасида ортиқча ҳисобланган тўловлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилиб, якунда ортиқча маблағлар тадбиркорлик субъектларига қайтариб берилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати