Яқинда ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокимлиги ходимлари томонидан дўконлардаги реклама баннерлари йиғиштириб ташланаётганлиги тўғрисидаги видеолар тарқалди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ва Қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси юзага келган вазият сабабларига аниқлик киритди.
Маълум бўлишича, 19 октябр куни Андижон шаҳрида “OPEN ANDIJAN” биринчи халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтган. Ўз навбатида, тадбир ўтказиладиган бино ва мажмуалар атрофи тартибга келтирилган. Бунда, асосий эътибор тадбир ўтказиладиган ҳудудлаги бинолар (дўконлар, маиший ва хизмат кўрсатиш шахобчалари, турар-жой бинолари ва бошқалар) ташқи қиёфасига қаратилган.
Тадбирга тайёргарлик кўриш давомида 14-15 октябр кунлари Андижон шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимлари томонидан йўл бўйида, бинолар ташқи томонига тартибсиз жойлаштирилган, эскирган ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган турли реклама ва эълонлар демонтаж қилинган.
“Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
20-моддасига асосан, ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланиши кўрсатилган.
Агар, Андижон шаҳар ҳокимлиги масъул ходимларининг ташқи рекламани жойлаштиришни тартибга солишдаги хатти-ҳаракатларида ўз ваколатларини суистеъмол қилганлиги аломатлари кузатилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари тегишли органларга ва судга мурожаат қилишлари мумкин.