Монополияга қарши курашиш қўмитаси келган ҳар бир мурожаатга маъсулият билан ёндошиб, қонун доирасида уни ижобий ҳал этишга интилади.
Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига келган навбатдаги мурожаатни келтириш мумкин. Унда Хўжайли туманида жойлашган «Sarbinaz medservis» оилавий корхонаси ҳамда “Қорақалпоқ сув таъминот” МЧЖ Хўжайли тумани филиали орасидаги 100 млн сўмдан ортиқ муаммоли вазият юзага келгани ҳақида ёзилган.
Периза Машарипова – Хўжайли тумани «Sarbinaz medservis» оилавий корхонаси бошлиғи
- Бизнинг корхонамиз аҳолига амбулатор медицина хизматини кўрсатиш билан шуғулланади. Корхонамиз амбулатор тартибда консерватив гинекология, диагностика ва физиотерапия каби хизматларни амалга оширади. Жорий йилнинг 27 январ санасида сув таъминоти ходимлари корхонамизга сув бўйича текширувга келишди ва шартномасиз ҳамда низомсиз сувдан фойдаланиб ўтирилган деб баённома тузиб кетишди. Мен зудлик билан сув тармоқлари ташкилотига бориб, барча мавжуд шартномани тақдим этдим. Лекин, улар ҳужжатларни нотўғри, регистрация қилинмаган деб ҳар-хил баҳоналар қилишни бошлашди.
Хуллас, тақдим этилган ҳужжатларга қарамай, сув таъминотига маъсул ташкилот корхонани сув таъминотидан узиб, ҳисоблагични пломбалаб кетди.
Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчи бир нечта мутасадди идораларга, жумладан, Ҳужайли тумани ҳокимиятига ўз мурожатини қолдиради, лекин, у ердан натижа чиқмайди.
Периза Машарипова – Хўжайли тумани «Sarbinaz medservis» оилавий корхонаси бошлиғи
- Мен Ҳўжайли туман ҳокими қабулига ўз муаммоим билан кирдим. Ҳоким, сув таъминоти корхонаси раҳбари билан бизни қўллаб-қувватлаш кераклигини, бизларга ёрдам бериш кераклигини тушунтиришига қарамай, таъминот раҳбари бизга ҳеч қандай ёрдам бермади. Бу ҳам етмагандек турли формулаларни важ қилиб, бизга нисбатан 100 млн сўмдан ортиқ жарима чиқариб, уни ундириш мақсадида судга даво аризасини киритди.
Тадбиркор шунда ҳам вазиятни ҳал этиш мақсадида сув таъминотига бориб, 100 млн сўм жарима қаердан келиб чиққанини тушунтиришларини сўрайди. Аммо, улар яна эски баҳоналарни қилиб, тадбиркорни қийин аҳволга солиб қўйишади. Шундан сўнг, «Sarbinaz medservis» оилавий корхонаси раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига ёрдам сўраб мурожаат этди.
Периза Машарипова – Хўжайли тумани «Sarbinaz medservis» оилавий корхонаси бошлиғи
- Сўнгра мен Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этдим, улар тегишли ўрганишлар ўтказишди, кейин сув таъминотига керакли ҳужжатларни сўраб мурожаатномалар киритишди. Бу орада суд жараёнларида қатнашдим. Сув таъминотининг адвокати мен тақдим этган шартномани ноқонуний эканлигини, ҳужжатдаги печат ва штамплар асл бўлсада, базага киритилмаган дея судда кўрсатма берди.
Биринчи инстанция суди ушбу ҳолатни ўрганиб, “Қорақалпоқ сув таъминот” МЧЖ Хўжайли тумани филиалининг даво аризасини қисман қондиришга қарор чиқариб жаримани 33 млн сўмга туширади, лекин, тадбиркор ушбу қарордан норизо бўлиб, апеллация берди.
Тадбиркорнинг апеллация ариза Қорақалпоғистон Республикаси Судининг Иқтисодий ишлар буйича апелляция судлов коллегияси инстанцияси томнидан кўриб чиқилди. Унда монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари ҳам учинчи томон сифатида иштирок этиб, вазият юзасидан аниқлаган ва тўплаган барча маълумотларини судга тақдим этди.
Апеллация суди тақдим этилган ҳужжатлар ва тўпланган маълумотларни тўлиғича ўрганиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ тиклаб, “Қорақалпоқ сув таъминот” МЧЖ Хўжайли тумани филиали томонидан чиқарилган 100 044 842 сўм асоссиз қарзни бекор қилди.
Ҳурматли тадбиркорлар, агар сиз ҳам шу каби муаммога дуч келган бўлсангиз Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати