Тошкентда бешинчи Халқаро ПЛАС-Форум «Digital Uzbekistan 2025» бўлиб ўтди. Бу Марказий Осиёнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга бағишланган энг йирик тадбирларидан ҳисобланади. Мазкур форум кўлами бўйича рекорд ўрнатиб, унда 36 та давлатдан (АҚШ, Хитой, Германия, Франция, Италия, Туркия, БАА, Португалия, Сингапур, Жанубий Корея, Болтиқбўйи давлатлари, МДҲ ва бошқа қатор давлатлар) 2 000дан ортиқ делегатлар иштирок этди. Конференцияда 150дан зиёд спикерлар чиқиш қилди, 100дан ортиқ компания эса ўз рақамли ечимлари, маҳсулотлари ва сервисларини тақдим этди.
Форум доирасида Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнлари, банк сектори, электрон тижорат ва замонавий чакана савдо масалалари муҳокама қилинди. Ушбу соҳаларнинг ўзаро боғлиқлиги ва миллий иқтисодиёт ўсишини жадаллаштиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Форумда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари ҳам нутқ сўзладилар.
Элмурат Хаитметов, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро энг яхши амалиётларга асосланган стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда уларни яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг бир қатор банкларида тажриба тариқасида синовдан ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида маълумот бериб ўтди. Бу эса истеъмолчилар шикоятлари билан ишлаш сифатини ошириш ва улар билан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ошкоралигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Лия Граубергер – Германия халқаро ҳамкорлик бўйича жамғармаси (German Sparkassenstiftung for International Cooperation)нинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат” йўналиши раҳбари Қўмита таклифи билан форумда иштирок этиб, ривожланган давлатлар амалиётида қўлланиладиган, молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хизмат кўрсатувчилар кодекслари ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.
Жавлонбек Исроилов – Рақамли платформаларни тартибга солиш бўйича ишчи гуруҳи вакили сифатида рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солишнинг янги ҳуқуқий мезонлари, Қўмита томонидан рақамли платформалар соҳасини тартибга солишда қўллаётган (ex-ante) ёндашувга — яъни ноҳалол амалиётларни содир бўлишининг олдини олиш ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, рақамли платформалар операторларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли қарори 2-иловасининг 9-бандига мувофиқ, устун мавқе юзасидан белгиланган мезонларга эришилгани ҳақида Қўмитани ўз вақтида хабардор қилишга чақирди.