“Урганч буюм савдо комплекси” МЧЖ раҳбарининг туман ҳокимлиги томонидан 2017 йил 17 январдаги қарорга асосан Урганч тумани, Ғалаба қишлоғида жойлашган “Чорванаслчилик” МЧЖ ҳудудидан жамиятга доимий фойдаланиш учун ажратиб берилган 3,0 гектар ер майдони, туман ҳокимининг 2020 йил 15 декабрдаги қарорига асосан жамиятнинг розилигисиз туман ҳокимлиги заҳира ер фонди ҳисобига қайтариб олиниб, шу куннинг ўзида қарорга асосан ушбу ер майдонининг 1,0 гектар қисми бошқа фуқарога ажратиб берилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида, Урганч туман ҳокимлиги томонидан олинган маълумотларга кўра, туман ҳокимлигининг 2020 йил 15 декабрдаги “Урганч буюм савдо комплекси” МЧЖга ажратилган ер майдонини туман ҳокимлиги заҳира ер фонди ҳисобига қайтариш тўғрисидаги қарори қабул қилинишида туман ҳокимлигининг 2020 йил 22 майдаги туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Урганч туман марказий савдо мажмуаси” қурилиш дирекциясини тугатиш ва давлат рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги бошқа қарори асос қилиб олинганлиги маълум қилинган.
Лекин “Урганч буюм савдо комплекси” МЧЖга тегишли ушбу ер майдонларини туман ҳокимлиги заҳира ер фонди ҳисобига қайтарилишида “Урганч туман марказий савдо мажмуаси” қурилиш дирекциясининг тугатилишини ҳеч қандай боғлиқлиги мавжуд эмас.
Шунингдек, ўрганиш кунига қадар “Урганч буюм савдо комплекси” МЧЖ давлат рўйхатидан чиқарилмаган.
Бу эса, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексининг 36-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 166-моддаларига зиддир.
Натижада туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 12-моддаси талабига риоя қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан Урганч туман ҳокимлигига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан иш қўзғатилди ва Урганч туман ҳокимлигига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Урганч туман ҳокимлиги томонидан 2021 йил 22 февралдаги 329қ–сонли қарори билан туман ҳокимининг 2020 йил 15 декабрдаги 3185қ-сонли қарори бекор қилинди ва “Урганч буюм савдо комплекси” МЧЖга ер майдонлари қайтариб берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати