Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг табиий монополия субъектлари хизматлари юзасидан қилган мурожаатлари доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида жойлашган “Bekobodsement” АЖ Қўмитага мурожаат этиб, корхона томонидан 2018 йил ноябрь ва 2019 йил августда истеъмол қилинган табиий газ учун амалга оширилган олдиндан тўловлари газ таъминоти корхонаси томонидан янги тарифлар қўллашда инобатга олинмаётганлиги ва уларга қилган мурожаатлари ўз ечимини топмаганлиги сабабли, нотўғри қўлланилган тариф ҳисобига ундирилган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилинишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига асосан тарифлар ўзгарганда истеъмол қилинган табиий газ учун истеъмолчи табиий газнинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кўпи билан кейинги 1 ой қўшимча тўлов тўлашдан озод қилиниши белгиланган (1221-банд).
Қўмита мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказиб, унда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан юқоридаги тартиб талабларига зид равишда “Bekobodsement” АЖнинг газ учун олдиндан тўланган маблағларини инобатга олмасдан янги тариф қўллаб жами 1 336,6 млн. сўмлик асоссиз даромад олганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан, Қўмитанинг махсус комиссияси “Ўзтрансгаз” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатиб тегишли кўрсатма берди ва унга кўра “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан “Bekobodsement” АЖ фойдасига 1 336,6 млн. сўмлик маблағларни келгусида сарфланадиган табиий газ ҳажмлари учун олдиндан тўлов сифатида қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда тадбиркорнинг манфаати ҳимоя қилинди.
Ҳурматли, Истеъмолчилар, шу каби ҳолатларга дуч келсангиз Қўмитага мурожаат этишингиз мумкинлигини, мурожаатларингиз белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қиламиз !
телефон рақамлар: (71) 207-47-00, (71) 207-48-00
электрон манзил: info@antimon.gov.uz;
веб сайт: www.antimon.gov.uz.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати