Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 9 июлдаги ПҚ–4388-сон қарорига мувофиқ, республиканинг барча турдаги истеъмолчилари учун табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада табиий газ етказиб бериш назорати ва ҳисобини юритишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Табиий газ ҳисоби ва назоратини юритишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Мазкур қарор лойиҳалари жамоатчилик билан келишиш учун жойлаштирилган бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан бир қатор таклифлар берилди.
Ушбу таклифларнинг барчаси инобатга олиниб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди ва унда “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси”ни амалга ошириш бўйича шаффоф тендер (танлов) савдоларини ўтказган ҳолда лойиҳани амалга ошириш белгиланди.
Жумладан, қарорга мувофиқ “Ҳудудгазтаъминот” АЖга танлов асосида:
маҳаллий ишлаб чиқарувчилар орасидан, электрон газ ҳисоблагичлар ва уларга зарур бўлган қисмлар (редукторлар, ҳимоя қутилари, электрон газ ҳисоблагичлар маълумотларини қайта ишлаш ва узатиш бўйича автоматлаштирилган дастурлар)ни етказиб берувчи ташкилотни;
табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими ва биллинг дастурий таъминотини ишлаб чиқувчи, ишга туширувчи, унга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи ташкилотни аниқлаш вазифаси юкланди.
Ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси” бўйича ускуналарни харид қилиш техник шарти экспертизадан ўтказилган ва ижобий хулоса олинган бўлиб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг расмий веб-саҳифаси (http://hududgaz.uz/tenderlar) ва https://exarid.uzex.uz/ru/tender2/lot/9067572# веб-саҳифаларида “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси” учун ускуналар ва дастурий таъминот сотиб олиш бўйича тендер савдолари ўтказилиши тўғрисида эълонлар жойлаштирилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати