Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг табиий монополия субъектлари хизматлари юзасидан қилган мурожаатлари доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Тошкент шаҳрида жойлашган “Golden Carp Servis” МЧЖ Қўмитага мурожаат этиб, “Toshkent shahar Suv Ta’minoti” МЧЖ томонидан 2018 йил август ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар оқава сувни чиқариш хизматларидан фойдаланиш бўйича қарздорликларни нотўғри ҳисобланганлиги, ушбу даврлар учун ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқилиши ва ҳал қилинишида амалий ёрдам беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларида сувни ҳисобга олиш асбоби истеъмолчининг айбисиз носоз бўлган тақдирда сарфланган сув миқдори олдинги уч ҳисоб-китоб ойидаги ўртача сарф бўйича аниқланиб, ҳисоб-китобнинг бундай тартиби бир ойдан кўп қўлланилиши мумкин эмаслиги, агар сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсатилган муддат мобайнида ўрнатилмаса, сарфланган сув миқдори II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун ушбу Қоидалардаги 87-бандининг “б” кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган (84-банд).
Қўмита томонидан мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказилиб, унда “Toshkent shahar Suv Ta’minoti” МЧЖ томонидан юқоридаги тартиб талабларига зид равишда “Golden Carp Servis” МЧЖга 2018 йил август ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойига қадар оқова сувни чиқариш хизматларидан фойдаланиш бўйича жами 5,7 млн сўм қарздорликларни нотўғри ҳисобланганлиги аниқланиб, Қўмита махсус комиссияси томонидан “Toshkent shahar Suv Ta’minoti” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди ва тегишли кўрсатма берилди.
“Toshkent shahar Suv Ta’minoti” МЧЖ томонидан мазкур масала юзасидан Қўмита махсус комиссияси кўрсатмаси ижроси таъминланиб, “Golden Carp Servis” МЧЖ фойдасига 5,7 млн. сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди ҳамда тадбиркорнинг манфаати ҳимоя қилинди.
Ҳурматли, Истеъмолчилар, шу каби ҳолатларга дуч келсангиз Қўмитага мурожаат этишингиз мумкинлигини, мурожаатларингиз белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қиламиз!
телефон рақамлар: (71) 207-47-00, 207-48-00;
электрон манзил: info@antimon.gov.uz;
веб сайт: www.antimon.gov.uz.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати