Бизнинг телеграмм каналимизга (https://t.me/joinchat/AAAAAEZf_BEoQySYvnNtpA) ёзилган обуначиларга берган ваъдамизнинг устидан чиқиш мақсадида, бугун биз истеъмолчилар ўртасида ўтказилган онлайн-сўровни якунладик ва унинг натижаларидан сизларни хабардор қилмоқчимиз.
Демак, жами бўлиб 1005 та овоздан деярли 60 фоизи коммунал хизматларни кўрсатиш соҳаси, 14 фоизи – савдо соҳаси, 13 фоизи – қурилиш соҳаси, 8 фоизи – хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ҳамда 5 фоизи – реклама соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузилганини кўрсатди.
Коммунал соҳа хизматлари бўйича берилган 956 та овоз ичида энг муаммоли мурожаатлар: табиий газни етказиб бериш – 33 фоиз, 31 фоиз овоз эса, иссиқлик энергиясини етказиб беришга тўғри келган. Сўровда қатнашган истеъмолчиларнинг деярли 22 фоизи электр энергиясини етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларга дуч келганлар. “Сувсоз” ва “Маҳсустранс” корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматлар эса бир хил кўрсаткичга эга – яъни 7 фоиздан.
Бундан ташқари, 1031 та истеъмолчи шунингдек, мобил операторлари, интернет провайдерлар ва банк-молия сектори хизматлари сифати бўйича ўз фикрларини қолдирганлар. Уларнинг ичида энг сифатсиз хизмат сифатида интернет провайдерларнинг хизматлари кўрсатилиб – улар 39 фоизни ташкил қилган, ундан кейин мобил операторлари хизматлари – 36 фоиз ва банк хизматлари – 25 фоизни ташкил этган.
Транспорт хизмати кўрсатиш тизими бўйича сўровда қатнашганларнинг (1058та) 65 фоизи томонидан шаҳар транспорти талаб даражасида эмас деган фикр билдирилган, бу кўрсаткич темир йўлларда аҳоли ташишлар бўйича – 18 фоизни ва авиация хизматлари бўйича – 17 фоизни ташкил қилган.
Сўровни ўтказишдан кўзланган мақсад – кўрсатилаётган хизмат истеъмолчи томонидан қандай баҳоланаётганини билишдан иборат.
Ҳурматли коммунал хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотлар, IT-коммуникация соҳасидаги компаниялар ва йўловчи ташувчи корхоналар, сизлардан илтимос, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатига эътибор қаратинг!
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳақ-ҳуқуқи бузилган ҳар бир истеъмолчига ёрдам беришга тайёр!
Юқорида айтилганларнинг исботи сифатида охирги кунларда бизга келиб тушган бир нечта мурожаатларни мисол тариқасида келтирамиз:
Тошкент: Мирзо – Улғбек тумани, Сарой Мулк Хоним кўчаси. Ушбу кўчада жойлашган 34 ва 36 уйлар ўртасида жойлашга сув қувури ёрилган. Ушбу уйларда истиқомат қилувчиларнинг шаҳар ва туман авария хизмати корхоналарига қилган мурожаатлари бир сутка давомида жавобсиз қолганлиги сабабли улар Қўмитага мурожаат қилганлар. Муаммо ўша куни бартараф этилди.
Бухоро: Нақшбанд кўчаси, 48 уй. Мурожаатда айтилишича, хонадонларда ичимлик суви йўқ. Сув таъминоти корхонасига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолган. Ушбу мурожаат Қўмитанинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва истеъмолчининг фойдасига ҳал этилди.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи бир қатор фуқароларнинг мурожаатларида газнинг босими пасайиб кетганлиги баён этилган. Ҳудудий бошқарманинг мутахассислари ушбу муаммони жойига чиққан ҳолда ўргандилар. Мурожаатда келтирилган иккита ҳолат бўйича газни босимини пасайиб кетишига газ плитасини бузуқлиги сабаб бўлган ва у ерга мутахассислар чақиртирилган, қолган ҳолатларда муаммони истеъмолчиларнинг фойдасига ҳал этилган.
Бухоро шаҳрида жойлашган “Копилка” дўконидан харид қилинган шоколадли конфетлар қуртлаган бўлиб чиққан. Ушбу ҳолат Агентликнинг мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди, натижада дўкон маъмурияти томонидан харид қилинган маҳсулотни қийматини тўлиқ қайтарилишига ва муддати ўтган конфетларни сотувдан олинишига эришилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати