Қўмита томонидан доимий ва тизимли равишда товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган субъектлар томонидан рақобат қонунчилигига риоя этиши юзасидан таҳлил ўтказиб борилади.
Алоҳида монополист корхоналарнинг асосий жихатларидан бири бу, шартномаларга камситувчи шартларни киритиш орқали истеъмолчилар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳақ-хуқуқларининг чеклаши, шунингдек товар ва молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун турли тўсиқлар яратишидир.
Юқорида кўрсатилган ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига зид ҳисобланиб, устун мавқени суистеъмол қилиш сифатида баҳоланади.
Ушбу йўналишда Қўмита томонидан 2019 йил давомида республика бўйича товар ва молия бозорида устун мавқени эгаллаган, Давлат реестрига киритилган 132та корхонанинг 2000 тадан зиёд шартномаси ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида юқоридаги ҳолатлар 24та корхоналарнинг шартномасида (Қорақалпоғистон Республикаси – 2, Андижон вилояти – 5, Фарғона вилояти – 1, Қашқадарё вилояти – 6, Наманган вилояти – 1, Сирдарё вилояти – 2, Тошкент вилояти – 1, Хоразм вилояти – 5, Тошкент шаҳри – 1), асосан хўжалик юритувчи субъектларнинг тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш ёки бажармаслик жавобгарлиги билан боғлиқ бўлган шартларда контрагентларнинг монополистларга нисбатан оғирроқ молиявий ва бошқа мажбуриятлар қўйилганлиги аниқланди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан монополист корхоналарга рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш бўйича талабномалар юборилди.
Натижада барча санаб ўтилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилиги бузилиши ҳолатлари бартараф этилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати