Ўзбекистон кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади, бунга мисол сифатида Фарғона вилоятининг Риштон туманини олишимиз мумкин. Миллий хунармандчилик анъаналари авлоддан-авлодга ўтиб, жадал ривожланиб келмоқда. Ана шундай қўли гул усталардан бири Исмоилжон Комилов – кулолчилик санъатини давом эттираётган 8 авлод вакили ҳисобланади.
Исмоилжон Комилов – ҳунарманд
- Бу Риштон туманида мовий рангни чиқарган катта уста Абдулла бўлган. Нимаики, Риштонни йўқолиб кетган мовий рангини тиклаган. Ундан кейин у одамам уни ҳеч кимга айтмаган. Ўшани кўк чинни дейилади, уни рецептини фақат ўзи билган. Бу Риштоннинг ана шу ранги йўқолиб кетгандан кейин, дадам ўша рангни сақлаб қолиш учун 62-63 йиллардан бошлаб 20 йил давомида ўша технологияни топган.
Устанинг айтишига қараганда, оталари Риштоннинг кўк чинни деган рангни олиш технологиясини қайта кашф этгани учун, 1983 йилда маҳсус мукофот билан тақдирланган.
Исмоилжон Комилов – ҳунарманд
- Ота-боболаримиз бошқа жойдан ранг олмаган. Қандай усулда, қўпол бўлсаям ўзимиздан олинган. Хозир Хитойдан Кобалт деган маҳсулоти келяпти, олдин ловжуяр дейиларди уни тоғдан олинарди. Ҳамма керакли маҳсулотлар Ўзбекистонни ўзидан олинарди. Шунинг учун ҳам бизда бир гап бор, Она тупроқ – халқни боқади. Меҳр берсанг она тупроққа сени ҳеч қачон ҳор қилиб қўймайди.
Исмоил устанинг ҳозирги кунда 60 дан ортиқ шогирдлари бор, унинг сўзларига кўра мазкур бинони энди ишга тушириш арафасида турган экан. Савдолар ҳам секин-асталик билан ўз изига тушиб, маҳсулотга талабгорлар кўпайиб бормоқда. Уларнинг аксарият қисми – хорижий истеъмолчилар.
Ҳар бир кулол билади – мижоз ишончини қозониш креатив ғоялар билан бой ва юқори сифатли маҳсулотни тақдим этиши шарт. Бунинг омиллари эса бир қарашда оддий ҳисобланади: таъбий газ ва электр энергияси узлуксиз таъминланса бас. Биргина сопол идиш юқори сифат чиқиши учун, кулол уни бир неча маротаба маҳсус қозонга солиб пиширади. Замон талабларига мос айрим қозонлар токда ишлайди. Энди тасаввур қилинг, ишингиз айни қизиган пайтда электр ўчиб қолди. Тайёрлаётган маҳсулотингиз эса бу билан расво бўлди дегани. Ҳунармандлар шу каби муаммога дуч келмаслик учун ҳам ишлатаётган ресурсларига пулларини ўз вақтида, олдиндан тўлашга ҳаракат қилишади. Аммо бу иш фаолияти даражасининг кафолати эмаслиги аниқ бўлди.
Мисол учун, Риштон тумани электр таъминоти корхонаси томонидан тадбиркорга нисбатан электр энергияси йўқолиши қийматининг техник-иқтисодий ҳисоб китоблари миқдори учун 2 153 271 сўм асоссиз қарздолик ҳисобланган. Натижада иш тўхтаб қолган.
Бундан норизо кулол Монополияга қарши курашиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармасига мурожаат этди. Аниқланган ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлардан сўнг Риштон тумани, Зарариқ МФЙ, Фарғона кўчасида жойлашган ЯТТ “Мадисоев Алишер Хакимович”га тегишли бўлган кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига ҳисобланган асоссиз қарз мурожаатчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
Ҳурматли тадбиркорлар унутманг, агар сиз ҳам шу каби ҳолатларга дуч келаётган бўлсангиз, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этинг ва биз албатта ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати