Рақобат қўмитаси томонидан савдо, банк ва суғурта хизматлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан,
Қашқадарё вилояти мисолида
Ғузор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Х.С. Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “Асил медиа” дўконидан 4 000 000 сўм эвазига мобил телефонини муддатли тўлов асосида сотиб олади. Тўловни доимий равишда вақтида амалга ошириб келсада, унинг номига ортиқча 350 000 сўм асоссиз қарздорлик чиқарилиб, мажбурий ундирув бўлимларига ўтказилганлигидан норози бўлиб ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Самарқанд вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро Б.Унинг банк кредити асосида яшаш хонадонига 62 млн сўмга қуёш панелини шартнома асосида Самарқанд шаҳридаги “Спутник” савдо дўконидан харид қилганлиги, ҳозирги кунгача қуёш панели ишламаётганлиги, “Спутник” савдо дўкони ходимларига бир неча маротаба мурожаат қилишига қарамасдан қуёш панелини ишчи ҳолатига тушириб бермаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қолдирган.
Тошкент вилояти мисолида
Фуқаро “Uzun Market” иловаси орқали сотиб олган маҳсулоти учун карта билан терминалда тўлов қилганида, картадан пул ечиб олинганлиги лекин, терминалдан рад жавоби келганлиги сабабли, бошқа картадан пул тўлаган. Масъул ходимлар пул маблағи 1 иш кунида қайтарилиши ҳақида маълум қилишган бўлсада, бугунги кунга қадар қайтарилмаганлигидан норозилик билдириб, ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Наманган вилояти мисолида
Поп тумани Нуробод МФЙда яшовчи фуқаро “O‘ZSANOATQURILISHBANK”дан онлайн кредит олганлиги ва кредит тўловларини муддатидан аввал тўлиқ тўлаганлиги, шунга кўра, фойдаланилмаган қолган муддат учун 886 858 сўм суғурта пулини қайтариб олиш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 4,6, 13, 19 ва 21 моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, истеъмолчиларнинг мурожаатлари асосида келтирилган тўловлар тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мавжуд тартиб-қоидалар ва унинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.