Ижтимоий тармоқ орқали “Тошкент шаҳрида жойлашган Гиотто ресторани (“Vanilla Food” МЧЖ ХК МЧЖ)нинг хизмат кўрсатилмаганлиги ва қўпол муомалада бўлгани, бошқа хўрандаларга эса яхши муносабатда бўлаётгани…” мавзуида фуқаронинг видео мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида “Vanilla Food” МЧЖ ХК МЧЖга тегишли кафеда хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан мурожаатчига эътибор қилинмагани, ўзларининг хизмат вазифалари доирасида қўпол муомалада билан муносабатда бўлгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан ходимлар учун хизмат кўрсатиш маданиятига эътиборли бўлиш шартлиги ҳақида суҳбат ва ўқув машғулотлари ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида мазкур кафе томонидан истеъмолчиларга нисбатан хушмуомалалик билан хизмат кўрсатиш ва таомномалар уч тилда ўзбек, рус ва инглиз тилларида истеъмолчиларга тақдим этилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
5-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши, мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин;
6-моддасига асосан, товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот истеъмолчига давлат тилида тақдим этилиши, мазкур маълумот қўшимча равишда бошқа тилларда ҳам тақдим этилиши мумкин;
19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт;
21-моддасига асосан, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш, шунингдек уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик тақиқланади.