Ижтимоий тармоқ орқали “Монополист компания ишлаб чиқарган “Damas” қулоғини ушлаб кетди. МЧЖга тўланган пуллар эса қайтариб берилмаяпти…” мавзусида мурожаат қолдирилган. (https://t.me/r_kusherbayev/7586)
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилади.
Хусусан, Рақобат қўмитасига жорий йилнинг 9 ойи давомида истеъмолчилардан автомобилларни лизинг ва кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиш олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан 200 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 80 фоизи “UMID AVTO LIZING” ва “BUSINES ORIENTAUTO” МЧЖлар таркибидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида, истеъмолчиларга 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар қайтарилиши таъминланган.
Мазкур корхоналар истеъмолчиларнинг пул маблағларини қисқа муддатда янги автомобиль олиб бериш ваъдаси билан жалб қилиб, ўзларининг шартномавий мажбуриятларини лозим даражада бажариш мақсадида бошқа истеъмолчилардан жалб қилинган маблағлар эвазига қоплаш ва истеъмолчилардан олинган пулларни қайтаришни бир йилдан ортиқ муддатга кечиктириш (ушлаб туриш) ҳамда шартнома шартларини ўз вақтида бажарилмаслик ҳолатларига йўл қўйган.
Ўз навбатида, ўтган йилларда “UMID AUTO LEASING” МЧЖ, “UMID AUTO-TASHKENT” МЧЖ, “UMID LIZING TASHKENT” МЧЖ, “ORIENT AVTO-LIZING” МЧЖ, “MEGA AVTO LEASIN-HAMKOR” МЧЖ, “MEGA-AUTO-LEASIN” МЧЖ, “SAMO RIMMAX AVTO” МЧЖ, “RIMMAX AUTO LEASIN” МЧЖ, “ISHONCH AUTO LEASIN” МЧЖ, “ASR AUTO LEASIN” МЧЖ, “BARAKA AVTO BARAKA BUSINESS” МЧЖларнинг мансабдор шахсларига нисбатан (фирибгарлик, пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳолатлари бўйича) жиноят ишлари қўзғатилган.
Қолаверса, Қўмита томонидан бундай фирмалар хусусида истеъмолчилар бир неча бор огоҳлантирилган. (https://raqobat.gov.uz/avtolizing-firma-hizmatlaridan-fojdalanishda-ehtiyotkor-boling/) Бироқ, шунга қармай бугунги кунда истеъмолчилар юқоридаги каби корхоналар алдовларига ишониб, пул маблағларини топшириб қўймоқдалар.
Қўмита томонидан “Монополист компания ишлаб чиқарган “Damas” қулоғини ушлаб кетди. МЧЖга тўланган пуллар эса қайтариб берилмаяпти…” мавзусида мурожаат (https://t.me/r_kusherbayev/7586) белгиланган тартибда кўриб чиқилгандан сўнг ўрганиш натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.
Ҳурматли истеъмолчилар, автолизинг ва ижара асосида автомобилларни сотувчи корхоналар билан шартнома тузиш (имзолаш) ва уларга пул тўлашдан аввал шартнома шартлари билан (тўлов талаблари ва муаммоли вазиятларда уни қайтариб олиш муддати) тўлиқ танишиб чиқинг, фирма ишончлилигини ахборот манбаларидан текширинг, ҳар қандай алдов ва ваъдаларга ишонманг.