Рақобат қўмитасига фуқаролардан савдо, таълим, коммунал ва бошқа хизматлар бўйича келиб тушган мурожаатлар ўзининг ижобий ечимини топмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар
Жиззах вилояти
Ҳудудий бошқармага Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.Д. “Alif Nasiya” электрон платформасида юзага келган ноқулайликлардан норози бўлиб мурожаат қилди.
Ўрганишларда фуқаро компьютер жамланмасини харид қилиш учун мазкур платформа билан тузган кредит шартномасига асосан ҳамкор дўкон томонидан буюртма қилинган эмас, бошқа русумдаги маҳсулот етказиб берилгани маълум бўлди.
Натижада фуқаро билан “Alif Nasiya” МЧЖ ўртасида тузилган шартномани бекор қилиниб, 11 млн 545 минг сўмлик шартнома бекор қилиниши таъминланди.
Бухоро вилояти
Ҳудудий бошқарма Бухорода яшовчи фуқаро Ш.Н.томонидан тушган мурожаатда “Бухороавтотеххизмат” MЧЖдан “Onix” LTZ русумли автомашинаси сотиб олгани, ушбу автомабилнинг двигателида нуқсони мавжудлиги, аммо мазкур нуқсон бартараф этиб берилмаётганли бўйича мурожаат қолдирган.
Ўрганишлар натижасида мазкур MЧЖ томонидан
“Onix” LTZ русумли автомашинасининг двигатели сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Андижон вилояти
Фарғона вилояти Данғара туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.А. томонидан юборилган мурожаатида Андижон шаҳридаги “Жаҳон мото” МЧЖга қарашли дўкондан мини юк ортгич – электромотоцикл сотиб олгани ва унинг қуввати сифатсиз эканлиги билдирилган.
Ўрганишларда мурожаатда келтирилган ҳолатлар тасдиқланиб, натижада мазкур МЧЖ томонидан истеъмолчига электромотоциклининг носоз аккумулятори сифатлисига алмаштириб берилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Ғузор шаҳрида яшовчи фуқаро Х.З. нинг “Englife” онлайн ўқув дастури фаолиятидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.
Ўрганишларда фуқаро инглиз тили бўйича қўшимча дарслар олиши учун тўловни амалга оширган, аммо хизмат сифати қониқтирмаган яъни фарзанди дарсларни ўзлаштира олмагани сабабли шартномани бекор қилиш ва маблағни қайтаришни сўраб ўқув маркази маъмуриятига қилган мурожаати ҳал этилмаган. Натижада истеъмолчи ҳуқуқлари тикланиб, 1 600 000 сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Фарғона вилояти
Ҳудудий бошқармага Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Н.М. иссиқлик манбаи таъминоти корхонаси томонидан унга асоссиз қарздорлик ҳисобланганида норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганишларда маълум бўлишича, фуқаро хонадонидаги сув ҳисоблагичи 2023 йилда лаборатория текширувидан ўтгани, аммо сув таъминоти корхонаси томонидан йўл қўйилган хатолик сабабли бошқа ҳисоблагич ўрнатиб кетилган. Бунинг оқибатида ўтган давр учун фуқарога норматив асосида, яъни киши бошига ҳисоб-китоб қилинган ҳолда қарздорлик келиб чиққан.
Натижада фуқарога нисбатан ҳисобланган 1 млн 250 минг сўм миқдоридаги нореал қарздорлик бекор қилиниши таъминланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқармага Қизилтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.Х. жорий йилнинг 2 апрель кунги рейс билан учиб кетиш учун Тошкент – Казан йўналишида Навоий шаҳридаги авиакассаларнинг биридан чипта харид қилгани, аммо парвоз кунида исми-шарифи йўловчилар рўйхатида бўлмагани сабабли Тошкент халқаро аэропортидан ортга қайтишга мажбур бўлгани юзасидан мурожаат қилган.
Ўрганишларда фуқаро авиачиптани харид қилинган авиакассага топширгани, чиптага тўланган пуллари эса қайтарилмагани маълум бўлди. Натижада “Sug‘diyona Avia Ishonch” МЧЖ томонидан амалга оширилмаган парвозга тўланган 3 млн 300 минг сўм маблағ тўлиқлигича фуқарога қайтариб берилиши таъминланди.








