“Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонини узоқ кутилган ва соҳада туб бурилиш ясашга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат десак муболаға бўлмайди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев билан шу ҳақда батафсил суҳбатлашдик.
– Фармонда белгиланган чора-тадбирлар, вазифалар кенг қамровли экани маълум. Биринчи навбатдаги аҳамиятли жиҳати нимада?
– Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат давлатимиз раҳбари бошчилигида миллий иқтисодиётимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги вектори шаклланаётганидан дарак беради. Бу, энг аввало, институционал бурилиш – қўмитанинг Олий Мажлис Сенати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор бўлиши билан изоҳланади. Бундан буён қўмита имтиёзлар, преференциялар ва фаолиятни юритиш учун эксклюзив ҳуқуқлар шаклида кўрсатилаётган давлат кўмагининг самарадорлиги устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда рақобат муҳитига салбий таъсир этган тақдирда, уларни бекор қилиш, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳамда алоҳида тартиб ўрнатилган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар харидлари устидан давлат назоратини олиб бориш, давлат органларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузувчи қарорларини бекор қилиш ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чора қўллаш бўйича таклифлар киритиш, “картель” келишувлари ва тил бириктиришларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда аниқлаш ва уларга чек қўйиш, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкил этилиши устидан назоратни амалга оширишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ахборот киритиб боради. Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, бугунги кунда бизнесга бўлаётган тартибга солиш юкини кескин камайтириш мақсадида янги механизм жорий қилинмоқда. Агар бирор норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилиш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этиш, юридик шахслар устав капиталининг энг кам микдорига нисбатан талабларни ошириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд харажатлар жорий қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни бериш назарда тутилган бўлса, улар Иқдисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлгандагина қабул қилинади. Албатта, бу каби вазифалар қўмита ва тегишли вазирликларга катта ишонч юклатилиши билан бирга, катта масъулиятни ҳам талаб қилади. Ушбу механизмнинг самарали ишлаб кетишини таъминлаш учун масъул идоралар билан ҳамкорликда низом лойиҳаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, эндиликда давлат иштирокидаги корхона ва давлат муассасаларини ташкил этишда монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини олиш мажбурияти жорий этилади. Бундан ташқари, давлат харидлари ва стратегик корхоналар харидлари соҳасида шаффофликни таъминловчи қўшимча мажбуриятлар татбиқ қилинади.
– Фармон билан тасдиқланган ҳужжатлардан бири 20202024 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегияси иқтисодиётдаги қандай муаммоларни бартараф этишга қаратилган?
– Биринчидан, бугунги кунда иқтисодиётимизда давлат иштироки юқорилигича қолмоқда. Аксарият товар ва молия бозорларида давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар монополияси шаклланган. Масалан, монопол ташкилотларнинг 80 фоизи давлат улушига эга ёки давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект томонидан назорат қилинади. Молия ва капитал бозорларида (биржа, марказий депозитарий, банкларда) давлатнинг иштироки ҳамда ваколатлари юқорилигича қолмоқда. Бу эса манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармокда, бозор механизмларининг ривожига тўсқинлик қилмоқда. Иккинчидан, давлат томонидан нархларни тартибга солиш 30 дан ортиқ товар ва хизматларга нисбатан амалга оширилмоқда. Бу эса, ушбу тармоқлар бозор таомилларига ўтишини секинлаштириб, компаниялар самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилмоқда. Учинчидан, берилаётган имтиёз ва преференцияларнинг самарасизлиги ҳам рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда 40 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектга, аниқроғи, фаолият юритаётган барча субъектлар умумий сонининг 12 фоизига солиқ имтиёзлари берилган. Бундай ҳолат товар ва молия бозорларида тенг бўлмаган шароитларни вужудга келтиряпти. Тўртинчидан, вазирлик ва идораларнинг ўзлари томонидан тартибга солинадиган тармоқларда рақобатни ривожлантириш бўйича фаолияти сустлигича қолмоқда. Иқтисодиёт соҳасида мавжуд 38 та давлат органидан фақатгина 11 тасига бу борада тўғридан-тўғри функциялар юклатилган. Бундан ташқари, табиий монополия ҳолатини суиистеъмол қилиш вазиятлари мавжудлиги, рақобатга зид ҳаракатларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллашмагани ҳам бор гап. Стратегия эса юқоридаги муаммоларга ечим бўлиб хизмат қилувчи бир нечта йўналишдан иборат чора-тадбирларни ўз ичига олган. Унинг амалга оширилиши 2024 йилга қадар монополлашган товар бозорларини камида 45 фоизга камайтириш, монопол корхоналар сонини 40 фоизга қисқартириш, монопол корхоналарнинг камида 80 фоизида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий қилиш, иқтисодиётга тақдим этилган имтиёзлар ҳажмини ЯИМга нисбатан 10 фоизгача туширишга имкон беради. Шунингдек, эксклюзив ҳуқуқлар ва преференцияларни кўзда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг камида 60 фоизини бекор қилиш, иқтисодий эркинлик индексида инвестицион фаолият эркинлиги индикатори бўйича кўрсаткичимизни 20 дан 80 гача ошириш, глобал рақобатбардошлик индексидаги ўрнимизни изчил равишда яхшилаш, товар, молия ва рақамли бозорлар иштирокчиларини камида 25 фоизга ошириш ҳам мўлжалланган. Давлат харидлари иштирокчилари сонини эса 40 фоизга кўтариш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки кўрсаткичини ЯИМга нисбатан 40 фоизгача пасайтириш, норматив ҳужжатлардаги тадбиркорлик фаолиятини қийинлаштирувчи ва рақобатга салбий таъсир қилувчи нормаларни камида 30 фоизга қисқартиришга эришиш ҳам назарда тутилган.
– Белгиланган вазифалар қандай механизмларга таянилган ҳолда амалга оширилади?
– Бу борада рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш тизимидан, рақобатни ҳимоя килишда қонун бузилишларига олдиндан йўл қўймаслик тизимига ўтиш муҳим аҳамият касб этади. Яъни, монополияга қарши тартибга солишнинг “ақлли”, прогрессив модели яратилади. Товар, молия ва рақамли бозорларни таҳлил қилишнинг мослашувчан воситалари, шу жумладан, хулқ-атвор иқтисодиёти тамойилларига асосланган усуллари жорий этилади (behavioral economics). Рақобат сиёсатида институционал инновациялар лабораторияси ташкил қилинади. Соҳавий бошқарувдан бозорларни бошқаришга ўтилади, яъни давлат органларининг рақобатни ривожлантиришдаги масъулияти кучайтирилади. Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари кесимида монополияга қарши талаб ва қоидалар ишлаб чиқилади. Давлат харидлари жараёнида келишилган ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида, буюртмачилар вакиллари сонини чеклаш ва иштирокчилар аффилланганига қўйилган талабларни “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга, улгуржи ва чакана савдо учун монополияга қарши талабларни рақобатга оид қонун ҳужжатларига киритиш режалаштирилган. Мутлақо янги механизмлардан бири сифатида давлатнинг иқтисодиётда иштирок этиши мақсадларини белгилашни жорий қилиш ва бозорда хусусий корхоналар мавжуд бўлган ҳолда, давлат корхоналари ташкил этилишини чеклашни кўзда тутувчи “сариқ саҳифалар” тамойили қўлланилишини алоҳида таъкидлаш мумкин. Давлат унитар корхоналари, йирик давлат компаниялари ва табиий монополия субъектлари билан аффилланган бозорлардаги рақобатга салбий таъсир кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганиб борилади. Давлат томонидан бериладиган имтиёз ва преференциялар самарадорлиги мезонлари ишлаб чиқилади, имтиёз ва преференциялардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати шакллантирилади. Электрон тижорат жараёнида монополияга қарши савдо қоидаларини тасдиқлаш, рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Экспертлар кенгашини тузиш ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланган.
– Кейинги пайтда монополияга қарши комплаенс тизимига кўпроқ эътибор бериляпти. Бу тизим татбиқи бўйича фармонда ҳам алоҳида кўрсатмалар берилган. Шулар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Дарҳақиқат, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, улар бузилиши хавфларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомил ҳисобланган монополияга қарши комплаенс тизими ўзининг самарадорлиги билан ажралиб туради. Шу боис ушбу тизим 2021 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарда, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса белгиланган мезонларга жавоб берадиган барча субъектларда жорий этилиши кўзда тутилган. Чунончи, 2021 йил 1 январдан бошлаб комплаенс тизими жорий этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар қаторидан “Uzbekistan Airways”, “Кварц”, “UzAuto motors”, “Ўзтрансгаз”, “Навоийазот”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятлари ҳамда “Асака” акциядорлик тижорат банки ўрин олган.
– Олдинга қўйилган мақсадлар албатта, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш билан бирга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Бунга эришиш қўмитанинг кадрлар сиёсати, мутахассисларнинг билим-кўникмасига бевосита боғлиқ. Бу борада шароитлар етарлими?
– Шу ўринда ҳар қандай масалани биринчи навбатда қадрлар ҳал этади, деган иборани келтириб ўтиш жоиз. Зеро, юклатилган вазифалар ижросига қўмита фаолиятига оид масалани таҳлил қила оладиган, тўғри хулоса чиқариб, оқилона таклиф берадиган мутахассислар билан эришиш мумкин. Эътирофлиси, фармонда ҳам шу жиҳатга алоҳида урғу берилган. Жумладан, қўмита тузилмасида Давлат кўмагини беришни назорат қилиш ва унинг самарадорлигини баҳолаш бошқармаси ташкил қилиш белгиланган. Ушбу бошқарма ҳамда ҳозирда мавжуд Савдоларни назорат қилиш бошқармасига қўшимча 20 та штат бирлиги киритилиши кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, қўмита кадрлари салоҳиятини мунтазам ошириб бориш мақсадида, республиканинг етакчи олий таълим муассасалари магистратура йўналишларида монополияга қарши тартибга солиш ва рақобат ҳуқуқи бўйича махсус курслар, қўмита марказий аппарати ва ҳудудий органлари ходимлари учун рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини қўллашга бағишланган доимий ўқув машғулотларини ташкил этиш режалаштирилган.
Замира Тожиева суҳбатлашди.