#Очиқ_мулоқот
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ОЧИҚ МУЛОҚОТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ушбу очиқ мулоқот тадбиркор ва фуқаролар, тегишли мутасадди ташкилот ва ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида бўлиб ўтди.
Республика ҳудудлари кесимида ташкил этилаётган ушбу очиқ мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247 ва ПФ-154-сонли фармонлари ижросини самарали таъминлаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ҳамда тизимли жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш мақсадида Қўмита томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Мулоқот давомида Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Б.Исмаилов томонидан 2025 йил якунлари ва 2026 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчиликка ҳисобот тақдим этилди.
Шунингдек, ҳудудда рақобат соҳасида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид кўрсаткичлар жамоатчилик вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар томонидан қатор мурожаат ва таклифлар билдирилиб, улардан жами 10 га яқини қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун рўйхатга олинди.
Жумладан:
➡️ «International Beverages Tashkent» МЧЖ ҚК вакилининг савдо дўконларида реклама объектларини паспортлаштириш жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, мавжуд тартиб-таомилларни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараённи янада шаффоф ва самарали ташкил этиш масалалари юзасидан;
➡️ ОАВ вакили, журналист А. Бердиеванинг умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчилардан қўшимча 10–20–30 фоиз хизмат ҳақи ундириш ҳамда депозит талаб қилиш каби ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш ва бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан;
➡️ “OLTIN TOLA BO’STON” ИЧК вакилининг ҳудуддаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи сифатида таъминотчилар платформасига киритилишида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш;
➡️ ЎзА мухбири Д. Хабибуллаевнинг бозорлар ва савдо шохобчаларида сотилаётган товарларнинг яроқлилик муддатини назорат қилиш юзасидан тизимли ўрганишлар ташкил этиш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш;
➡️ А. Айтимбетованинг фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи дорихоналардан маҳсулот харид қилиш жараёнида қўшимча товарларни мажбурий равишда таклиф этиш ҳолатлари ва ушбу муаммони бартараф этиш масалалари бўйича таклиф ва мурожаатлари тингланди ва уларни кўриб чиқиш юзасидан тегишли масъул органларга таклифлар киритилиши белгиланди.
Тадбир иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ва қизғин муҳокамалар муҳитида самарали ва фаол тарзда ўтди.
Маълумот ўрнида: Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 2025 йилда жами 1400га яқин ва 2026 йил I-чораги давомида 500 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Амалга оширилган ишлар натижасида 300 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 13 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.








