Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳар, Амир Темур кўчаси 4-уй да жойлашган “Bunker Time” МЧЖ қаҳвахона ходимлари бундан бир неча ой олдин бир кутилмаган муаммога дуч келишди. Уни ҳал этиш йўлида анчайин тер тўкишга тўғри келди.
Рустам Камилжонов – “Bunker Time” МЧЖ директори
- Бизга сув таъминотидан келиб, сув ҳисоблагичичмизни текширувдан ўтказишди. Маълум бўлишича, ҳисоблагич носоз ҳолатда экан, хуллас далолатнома расмийлаштириб 30 кун ичида ҳисоблагични алмаштиришимиз кераклиги тушунтирилди. Ушбу тушунтиришдан кейин ҳисоблагични алмаштирдик, лекин, биз қанчалик топшириқни тез бажармайлик, улар бизга ҳисоблагич носоз бўлган давр учун 22 млн сўмдан ортиқ маблағ қарздорлигимиз борлиги ҳақида айтишди. Хуллас, ушбу муаммони ҳал этиш учун сув таъминоти бошқармасига бордим, у ерда қонун бўйича ҳақиқатда шунча қарздорлигимизни ва тўламасак бўлмаслигини айтишди.
Қаҳвахона раҳбари ишларнинг ривожи бундай йўл билан кетишига рози бўлмайди ва бир сана билан 3 та давлат идорасига мурожаат этади. Улар қаторида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам бор.
Мурожаат юзасидан Қўмита ходимлари ўрганиш ўтказишганда, «Toshkent Suv Ta’minoti» МЧЖ ходимлари томонидан “Bunker Time” МЧЖга тегишли бўлган ҳисобдон кўрикдан ўтказилган ва носоз ҳолатда деб далолатнома тузилган. Унга кўра, 30 кун ичида Узстандартдан ўтказиш ёки созлатиш ёки бошқа ҳисобдон қўйиш бўйича далолатнома тузилиб, корхона маъсулларига топширилган. Корхона Узстандартдан ҳисобдон соз ҳолатдалиги ҳақидаги маълумот тақдим этилишига қарамасдан.
Эрали Бозоров – Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма етакчи мутахассиси
- «Toshkent Suv Ta’minoti» МЧЖ томонидан “Bunker Time” МЧЖга нисбатан 22 млндан ошиқ суммага қайта ҳисоб-китоб оширилган. Бу мурожаат ўрганиб чиқилди ва «Toshkent Suv Ta’minoti» МЧЖ томнидан қўлланилган жарима асоссиз деб топилди.
Шундан сўнг, Қўмита Махсус комиссиянинг 2021 йил 5 февралдаги чиқарган қарорига кўра, “Bunker Time” МЧЖга нисбатан ҳисобланган 22 420 603 сўм жаримани асоссиз деб топиш ва мурожаатчига қайтариш бўйича кўрсатма берилди.
Сув таъминоти билан муаммоси бор бўлган яна бир мурожаат юзасидан Тошкент вилоятининг Чинобод ҚФЙ сари йўл олдик. Мурожаатга кўра Салихов Дилшод Абдурахимович нотурар бино иншоотни бир қисмини сотиб олганлиги ва истеъмол қилинган ичимлик суви кўрсатгичларини белгиланган муддатларда сув таъминоти корхонасига топшириб пулларини тўлаб келганлигига қарамай унга асоссиз 8 млндан зиёд сумма маблағ жарима ҳисобланганлигидан норозилик билдирган.
Заҳро Алметова – мурожаатчи вакили
- 2018 йил июн ойида Чинобод ҚФЙдан 6 сотих ер сотиб олдик. Кейин у ерда “Гризли” деган фирмани ривожлантирдик. Шундан кейин у ернинг кадастрини икки ойларда олдик. Ҳар ой сув таъминоти ташкилотига ҳисобот топшириб турдик. Бир замон вилоят сув оқава ташкилотидан одамлар келиб, биз йўғимизда қоровул иштирокида далолатнома тузиб кетишган.
Тузилган далолатномага кўра, “Toshkent Suv Ta’minoti” МЧЖ Қибрай туман бўлими ходимлари томонидан 2018 йил 18 сентябрда далолатнома расмийлаштирилган ва корхонага уч кунлик муддатда ичимлик суви етказиб бериш ва қабул қилиш юзасидан шартнома тузиш бўйича кўрсатма берилган. Салихов Дилшод Абдурахимович томонидан бир кунлик муддатда шартнома расмийлаштирилган бўлсада, унга нисбатан жарима қўлланилган.
Ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўраб Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этади.
Эрали Бозоров – Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма етакчи мутахассиси
- Жорий йилнинг март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Солихов Дилшод томонидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатга асосан, фуқарога тегишли бўлган нотурар бинода “Toshkent Suv Ta’minoti” МЧЖ Қибрай туман бўлими маъсул ходимлари томонидан 2018 йилда текшириш ўтказилган. Текшириш асосида фуқаро ичимлик сувдан шартномасиз фойдаланилаётганлиги, яъни ундан олдинги бино эгасида шартнома бўлган, Солихов Дилшодга қайта расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан олиб борилган атрофлича ўрганишлардан сўнг, мурожаатда келтирилган асоссиз қарз муаммоси ижобий ҳал этилишига эришилди ва 2021 йилнинг биринчи чорагига кўра, фуқарога нисбатан қўлланилган жарима бекор қилинди.
Ҳурматли тадбиркорлар, агар сиз ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келаётган бўлсангиз, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин. Биз ўз ваколатимиз доирасида сизга албатта ёрдам берамиз!
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати