Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармага мурожаат этган, Қарши шаҳрида жойлашган “Трансйўлқурулиш” ДУК бош муҳандиси Нурали Чоршанбиевнинг таъкидлашича “Айрим ваколатли ташкилотлар ўзлари чиқарган қарорлари билан тадбиркорларга ноқулайлик ҳосил қилиб, ўзлари ушбу муаммоларни ҳал этишни ҳоҳлашмайди. Шундан сўнг, тадбиркорнинг вақти, асаби ва кези келганда моддий маблағи кетади.”
Гап шундаки, “Трансйўлқурулиш” асосан халқаро аҳамиятга эга йўл қурулишига доир инвестиция лойиҳалари билан шуғулланади ва автойўл субъектларига хизмат кўрсатади. ДУК муаммоси эса, газ ва электр токи етказиб берувчилари билан чиқди. Улар ташкилотга асоссиз қарз ҳисоблашган.
НУРАЛИ ЧОРШАНБИЕВ – Қарши шаҳар “Трансйўлқурулиш” ДУК бош муҳандиси
– Шаҳрисабзда бизнинг шебен ишлаб чиқариш корхонамиз бор. Газ ва электр таъминотчиси томонидан бизга фойдаланилмаган ресурс учун қарз ёзилди. Таъминотчининг ўзига ишлаб чиқаришимиз тўхтаб қолмаслиги учун, бу муаммони ҳал этиб беришларини сўраб бир неча маротаба мурожаат этганмиза. Лекин, бари бефойда бўлди. Кейин Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига мурожаат этдик. Улар олиб борган суриштирувлар натижасида асоссиз ҳисобланган қарз қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Ташкилот асоссиз ҳисобланиб, қайтарилган 34 миллион сўмни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратиб, бунинг учун зарур бўлган техника жиҳозларини олмоқчи.
Албатта, асоссиз ҳисобланган қарз ҳамиша ёқимсиз бўлган, бу муаммо тадбиркор ёки истеъмолчи дуч келаётган ягона ноқулайлик эмас. Мисол учун, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Даврон Шеровнинг муаммоси шуки, у яшаётган кўп қаватли бино марказлашган иссиқлик манбаига уланмаган, шу сабаб, ўз хонадонига икки контурли иситиш қозонини ўрнатишни ният қилади.
ДАВРОН ШЕРОВ – истеъмолчи
– Қозон ўрнатиш учун лойиҳа керак бўлади. Буни амалга ошириш учун ҳудудгазга мурожаат қолдирдим. Улар менга бу ишни тадбиркорлик субъекти қилиб беришини айтишди. 500 мингга лойиҳани қилдирдим, кейинчалик ҳудди шунга ўхшаш лойиҳаларни вилоят газ бўлимида ҳам қилишлигини билиб қолдим. Унинг нархи 40-50 минг атрофида экан. Екин ушбу лойиҳалар кўп қаватли уйларга эмас, балки ҳовли уйга қилинар экан. Хизмат ҳаққининг фарқи деярли ўн бараварига фарқ қилади. Айнан мана шу муаммо билан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат этдим.
НОДИР БЕКБЎТАЕВ – Ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари
– Истеъмолчи Даврон Шеров томонидан бизга “UNIPROJEKT SERVIS” МЧЖ устидан мурожаат этгани. Мазкур ариза “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосланиб ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида ўрнатилган тартибда тадбиркорлик субъектига сўров хатлари жўнатилди ва олинган маълумотлар асосида тадбиркор томонидан қонун бузилиш аломатлари аниқланди ва мурожаатчига маблағ қайтариб берилди.
Яна бир истеъмоличи Самат ака Бобоев ўз ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан бизга мурожаат этди. Ишламайдиган музлатгич харид қилиб олгандан сўнг, алмаштиришни сўраб истеъмолчи анча овора бўлган. Ёши катта инсон пулини тўлаб бўлганига қарамасдан, маҳсулотни оломаслигини тасаввур қилиб кўринг.
САМАТ БОБОЕВ – истеъмолчи
– Сентябр ойида Қарши шаҳридаги Фарход бозоридан музлаткич сотиб олдим. Уйга олиб келгандан сўнг, ишламаслиги аниқланди. Муаммони ҳал этиш учун мурожаатчига мурожаат этдим. Лекин, у сифатсиз маҳсулотни алмаштиришдан бош тортди. Музлаткич омбордан эмас, витринадан олинган эди. Шунда сотувчи сервис маркази мутахассислари кўриб беришини айтди. Марказ ходимлари маҳсулотни олиб кетиб, уни носоз дея хулоса беришди. Яна дўконга келдим. Сотиб олганимга бир ярим ой бўлганида, менга: хохласангиз музлаткични тузатиб берамиз деб айтишди. Шунда менда савол туғилди: нега мен янги музлаткични таъмирлашим керак? Ундай қилиш мумкин бўлганида мен уйдаги бузуқ музлатгичларимни ҳам тузатиб олган бўлардим. Ахир мен янгисини харид қилдим. Хуллас пулни қайтаришни ҳам, алмаштиришни ҳоҳлашмади.
Уч ой давомида истеъмолчи ҳақиқатни истаб сарсон бўлади. Зеро, кафолат муддати ўтиб бормоқда эди. Самат ака Бобоев муаммосини ҳал этишда ёрдам сўраб бозор маъмуриятига мурожаат этади. Маъмурият эса, Қўмитанинг ҳудудий бошқармасига бориб айтиши мумкинлигини таъкидлашади.
ЖАМОЛ ҚЎЧҚОРОВ – Ҳудудий бошқарма бўлим бошлиғи
– Дўкон маъмурияти истеъмолчига сифатсиз маҳсулотни алмаштиришни ҳам, 3 млн 150 минг сўм тўлаган маблағини қайтаришни ҳам ҳоҳламай келган. Бу билан тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасини бузган. Ўрганишлар якунига кўра, истеъмолчига сифатсиз маҳсулотни алмаштиришга эришилди.
Ҳурматли тадбиркор ва истеъмолчилар, сизга қулай бўлиши учун, мурожаатларни қабул қилувчи телеграм-бот ишга туширилди. @AntimonUzbot.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати