2020 йилнинг 7 декабрида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган анжуманда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов Мультиспирал компьютер томографияси (кейинги ўринда- МСКТ) хизматлари нархлари ошиши ҳақида саволга жавоб берди.
Мазкур масала билан Қўмитанинг бошқа таркибий бўлинмаси шуғулланишини инобатга олиб, айрим масалаларга аниқлик киритган ҳолда қўйидагилар маълум қилинади.
Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан Қўмитага берилган ваколатларидан келиб чиқиб хуқуқбузилишлар аломатларини ўрганиш ва текширишда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан (кейинги ўринда-Бизнес-омбудсман) розилик олиш талаб этилмайди ва Қўмита томонидан ушбу органни фақатгина хабардор қилган ҳолда мустақил текширишлар амалга оширилади.
МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Қўмита томонидан қўшимча равишда Бизнес-омбудсманнинг фикрини олишга қарор қабул қилинган ва ўз навбатида Бизнес-омбудсман томонидан текширишга етарли асос бўлмаганлиги сабабли текширувни ўтказиш мақсадага мувофиқ эмаслиги билдирилган. Бу эса МСКТ хизматлари билан шуғулланувчи корхоналарнинг Қўмита томонидан текширилишига таъқиқ қўйиш ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, дархақиқат Қўмита томонидан Бизнес-омбудсманга МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолати бўйича тўлиқ таҳлилий маълумот тақдим этилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Қўмита томонидан МСКТ хизматлари нархлари ошиши ҳолатини сўровлар орқали ўрганиш ишлари давом этаётганлиги ва зарур бўлган ҳолларда ўрнатилган тартибда корхоналарда текширишлар ўтказилиши маълум қилинади.